WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • ХАЛҚ ВА АРМИЯ ЯКДИЛ

    Мустақиллик йилларида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз, тинч-тотув ҳаётимиздир. Ана шу осойишта ва барқарор ҳаётнинг мустаҳкам қалқони – миллий армиямизнинг барпо этилиши билан узвий боғлиқ.

    Шу ўринда 1992 йил 14 январь куни давлатимизнинг Биринчи  раҳбари Ислом Каримов томонидан мамлакатимиз ҳудудидаги барча Қуролли Кучларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилингани ва ўша кундан бошлаб миллий армиямизга асос солинганини фахр билан қайд этиш жоиз.

    Ўтган йиллар мобайнида юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига мос Қуролли Кучларни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

    Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурга мувофиқ амалга оширилган кенг кўламли ишлар барча замонавий талабларга жавоб берадиган миллий армиямизни шакллантириш ва бошқаришнинг сифат жиҳатдан мутлақо янги тизимига ўтиш имконини берди. Қисқа вақт ичида ҳарбий округлар, чегара ҳудудлари ва махсус операцияларга ихтисослаштирилган қисмлар тузилди. Миллий армиямизни босқичма-босқич ва тизимли равишда шакллантиришда мамлакатимизнинг минтақада ва дунёда тутган геостратегик ва геосиёсий ўрни, хавфсизлигимизга қарши қаратилган жиддий таҳдид ва хатарлар, айниқса, халқаро терроризм, диний экс­тремизм, наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби бало-қазолар ҳисобга олинди. Бугунги кунда миллий армиямиз жаҳон ҳарбий қурилишининг энг илғор тажрибаларини, жанговар анъаналаримизни ўзида мужассам этган.

    Ислоҳотларнинг энг муҳим натижасини армиядаги ахлоқий-руҳий, маънавий муҳитнинг бутунлай янгиланганида, жамиятимизда армияга ва ҳарбий хизматга нисбатан ёндашув тамомила ўзгарганида яққол кўриш мумкин. Йигитларимиз учун ҳарбий соҳада хизмат қилиш, нафақат фахрли бурч, балки юксак шон-шарафга айланди. Бугун барча ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгач, унинг Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилишини ният қилишмоқда.

    Қуролли Кучлар соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугунги кунда биз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай иккиланиш ва шубҳа бўлмаслиги лозим. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли”.

    Истиқлол йилларида Ватан ҳимоячилари кунини катта байрам, буюк ва муқаддас Ватанимиз тақдирини ўз тақдири деб билган мардлар байрами сифатида кенг нишонлаш анъанага айланди. Зеро, байрам миллат тақдири ва ҳаётига дахлдор бўлсагина, унинг шукуҳи ва руҳи халқнинг кўнглидан, маънавиятидан чуқур жой олади.

    Бунинг яққол исботи сифатида шу кунларда юртимизнинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида ўтказилаётган “Миллий армия – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!” шиори остида Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 26 йиллик байрамига бағишланган турли хил тадбирларни эътироф этиш мумкин. Ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган мазкур тадбир  Фарғона шаҳрида илк бор ёшларнинг фестиваль-акцияси сифатида ўтказилди. Унда 10 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. Фестиваль доирасида Шарқий ҳарбий округ қўмондонлигининг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалари кўргазмаси, ҳарбий оркестр ва эстрадамиз юлдузларининг концерт дастури барчада ёрқин таассурот қолдирди. Бу хусусиятлар ёшларимизни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбия топишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

     

    Т.ИРГАШЕВ,

    Шарқий ҳарбий округ

    қўшинлари қўмондони, полковник.