WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • АҲОЛИГА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев шу йил 22-25 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан  Корея Республикасида бўлдилар. Ўзбекистон ва  Корея  Республикалари  халқларини  асрлар давомида  қарор топган қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Бунинг тарихий илдизлари бор, албатта. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳамда  Жанубий Корея муносабатлари турли соҳаларга оид 150 дан ортиқ шартнома ва битимлар негизида изчил тараққий топиб бормоқда.

    Бугунги кунда Корея давлати саноати юксак даражада ривожланган давлатлар қаторига киради. Улар бундай юқори натижага қандай эришди? Келинг, биргаликда Корея иқтисодий ривожланиш йўлига бир назар солиб кўрайлик. Жанубий Корея республикасининг жуда тез суръатларда ривожланиш стратегиясида  бу давлатнинг 1960 йилдан 1980 йилларгача бўлган  даврда бир авлоднинг кўз ўнгида содир бўлганини кўрамиз ва улардан ўргансак арзийдиган жиҳатлари талайгина эканлигига амин бўламиз.

    1960 йилнинг бошида Корея аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни ҳисоблаганда нафақат Мексика ёки Нигерия давлатидан, балки ҳатто Папуа-Янги  Гвинеядан  ҳам орқада қолган  эди. Сабаби,  мамлакатда табиий бойликлар йўқ, қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқли ер кам (ер майдонининг асосий қисмини тоғли ҳудуд ташкил қилади), саноат ва энергетика корхоналари эса Шимолий  Кореяда қолиб кетганди (1956 йилдаги фуқаролар уруши натижасида Корея давлати шимол ва жанубга бўлиниб кетган). Аҳвол шу даражага етган  эдики, ҳатто баҳорга келиб аҳолининг кўпчилик қисми очарчиликда ҳаёт кечирди.

    Давлатнинг иқтисод устидан кучли назорати, асосий эътиборни саноат группалари  ташкил қилишга  қаратиш, чет эл капиталини кириб келишига кенг имкон яратиш, оғир саноатни ривожлантириш (индустрилизация), экспортга йўналтирилган  иқтисод ва уни  давлат  томонидан  назорат қилиб  бориш, банк тизимини давлат томонидан назоратга  олиниши  Жанубий Корея  иқтисодининг ривожланишида асосий роль ўйнади.

    1960 йилдан бошлаб металлургия ва кемасозлик, 1976-80 йилларда эса автомобиль саноати,  электроника  саноати ривожлана бошлади. Ҳозирги  кунда  жаҳонга  машҳур ЛЖ, Самсунг ва бошқа компанияларнинг ривожланиши ўша йиллардан бошланган. Иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатда йиллик иқтисодий ўсиш 9-10 фоизни, баъзи йилларда 12-14 фоизни  ташкил этди. Жаҳон ҳамжамиятини ҳайрон қолдириб, 1990 йилга келиб Корея давлати ривожланаётган мамлакатдан иқтисоди ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилди.  Мамлакат  таълим тизими буткул ислоҳ қилинди ва дунёдаги олдинги қаторлар сирасига кириб, мамлакат иқтисодини малакали кадрлар билан тўлдирди. Буларнинг  барчасига  давлатнинг  иқтисод  устидан  назорати, корейс халқининг меҳнатсеварлиги, чет эл инвестицияларини жалб этиш орқали эришилди. Жанубий Кореянинг мамлакат иқтисодини кўтариш ва ҳозирги даражага олиб чиқиш йўлидаги ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.

    Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони давлат  хизматларининг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш  имконини тубдан  ошириш ва бошқа бир қатор комплекс чора-тадбирларни белгилаб берди. Давлат хизматлари кўрсатишда  яқинда ташкил  этилган ўзига хос институт Ўзбекистон Республикаси  Президенти  Халқ  қабулхоналарининг фаол иштироки ўхшаши бўлмаган энг муҳим янгиликлардан  бири  ҳисобланади.  Давлат ҳокимиятининг аҳоли билан самарали мулоқотини ташкил этиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг сифати жиҳатидан  янги тизимини йўлга қўйишда  муҳим роль ўйнаган  мазкур  институт фаолиятининг ижобий якунини ҳисобга олган ҳолда давлат хизматлари  кўрсатиш соҳаси уларнинг бевосита мувофиқлаштирувида бўлиши назарда тутилмоқда.

    Фармон   вазифамизга  янада  катта  масъулият билан киришиш ва янгича ёндашувни  талаб этади. Аҳоли билан ўзаро боғлайдиган ягона жой – Халқ қабулхоналари давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, фуқароларнинг вақт ва молиявий харажатларини камайтириш, уларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

    Б.ПЎЛАТОВ,

    Қўқон шаҳар Халқ қабулхонаси мутахассиси.