WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • ТЎҒРИ ЙЎЛДАН ОЗИБ, АДАШДИ...

    Халқимиз тўғри йўлдан озганни-адашган, дейди. Имон-эътиқодда, ишонч ва тафаккурда, умр манзиллари сари одимлашда йўлни йўқотиш – бу энди жуда аянчли ҳолат. Бундай  аҳволга  ҳеч  бир  бандани тушгулик қилмасин.

    Қува туманилик Нурилло Акбаров  қўли гул уста эди. Устачилик билан машғул бўлиб, ҳамма  қатори  осойишта  умр  кечирса, оила тебратиб, бола-чақа боқса бўларди. Бироқ тўғри йўлдан озди. Бу эса унга қимматга тушди.   

    Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2017 йил 1 декабрь куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Н.Акбаровнинг жиноий иши кўриб чиқилди. Судланувчи Н.Акбаров 2005 – 2012 йиллар мобайнида бир гуруҳ шериклари, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган А.Исмоилов, З.Қирғизбоев, А.Солиев, С.Солиев, Э.Ҳасанов, Қ.Абдуллаев, дастлабки тергов жараёнида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган Нодир ва Аҳмад исмли шахслар билан Ўзбекистон  Республикасида тақиқланган,  диний  экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган “Ҳизб-ут-таҳрир” диний экстремистик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келди.

    Нурилло  Акбаров 2005 йил август ойида жиноий гуруҳ аъзолари учун диний йиғинлар ўтказиш учун Қува тумани Найман қишлоғида жойлашган яшаш манзилида шарт-шароитлар яратиб берди. Ўзи ҳам мазкур йиғилишда иштирок этиб келди. 2012  йилда ишлаш мақсадида Россия Федерациясига бориб,  Э.Ҳасанов ва Нодир, Аҳмад, Музаффар, Элёр, Улуғбек, Дониёр ва  яна кўплаб шахслар билан Новосибирск шаҳрида  ижарада  яшайди. Шу давр  мобайнида Э.Ҳасановнинг планшетидан “ҳалифалик” давлатини  барпо этиш, Сурия давлатига ҳижрат қилиш тўғрисидаги диний даъватларни тинглаб, уларни қўллаб-қувватлаб келишди. 

    Н.Акбаров 2017 йилнинг 25 август куни “Новосибирск-Фарғона” авиарейсида учиб келади. Юқорида содир этган ҳаракатлари амалдаги қонунчиликка зид эканлигини тушуниб етгани,  диний даъватларда билмасдан иштирок этганидан чин кўнгилдан пушаймонлигини  билдириб, енгиллик беришларини сўраб, кўрсатма берди.

    Судланувчи Н.Акбаровга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244 -моддаси 1-қисми билан, ЖК 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

    Ҳаёт сўқмоқларида қалтис адашган бу йигитнинг ўз қилмишидан зарур сабоқ чиқариб олишини жуда-жуда истардик.

                                                                                          

    М.САЛИМОВА.