WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • ШОХИМАРДОН –ХУШНИЯТ ДИЛЛАРНИНГ МУРОДБАХШ ОШЁНИ

    ёҳуд улуғ тоғлар бағридаги боқий афсоналар

     

    Бирор-бир манзилни кўзлаб, гоҳ узун, гоҳ қисқа йўллардан юриб борар эканмиз, сафар  чоғида кўҳна мозорларга кўзимиз тушади. Ушбу  мақбара-ю мозорларда кимлар дафн этилганини билмасак-да, беихтиёр юзимизга фотиҳа тортамиз. Ота-боболаримиздан қолган ушбу одат замирида, аввало, томир-томиримизда уйғоқ ётган эътиқод, қолаверса, ҳали ҳаёт моҳиятини англаб улгурмасдан туриб онгимизга сингдирилган ўтганлар руҳи покига ҳурмат изҳор этиш фазилати намоёндир. Зеро, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Узоқ ўтмиш қаъридан акс-садо бериб турган тарихий ёдгорликлар, маънавий мерос ва маданий бойликлар ўз замирида халқнинг  эътиқоди, азалий  орзу-интилишлари, тамаддун одимлари ҳақида сўз очади.

    Республикамизда 3 мингдан зиёд маданий мерос объектлари, тарихий обида ва зиёратгоҳлар, археологик манзилгоҳлар, монументал ёдгорликларнинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилганини ҳисобга олсак, нафақат қадимий Шарқ, балки дунё цвилизациясининг бешикларидан бири сифатида эътироф этилаётган ўлкамиз бағрида қанчадан-қанча асору-атиқалар, зиёратгоҳ-у қадамжолар, муқаддас мақбараларнинг ҳақиқатдан хабар берувчи боқий афсоналарни асраб ётганлиги айни ҳақиқат эканлигига ишонамиз. Зотан, буюклар таъбири билан айтганда,

    Бунда тупроқ юзин авайлаб босгин,

    Ҳар қарич ерида улуғлар ётар.

    ... Ўзбекистон-Қирғизистон давлатлари ўртасидаги азалий дўстлик ришталар мустаҳкамланиб, икки юрт чегарасидаги талай қийинчиликлар, ғовлар олиб ташлангач, узоқ йиллардан буён қалбан интилганимиз, она Ватанимизнинг барҳаёт бўлаги, табиатан сийланган макон –Шоҳимардон қишлоғи сари йўл олдик. Зотан, қадимий заминга талпинганимиз аввало, узоқ йиллик, бундан бенасиблик алами бўлса, энг асосийси, муқаддас тупроққа топинмоқ, Ватанимиз тарихининг ҳайратли ва мўжизавий саҳифаларини қайта варақламоқ нияти кўнглимизда жўш урди.

    Фарғона шаҳридан 60 км жанубда, Олой тоғ бағрида жойлашган сўлим қишлоқда 3 800 га яқин аҳоли истиқомат қилади.  Қишлоқнинг баҳаво табиати, шифобахш сувлари, муқаддас зиёратгоҳлари, қолаверса, бир-биридан юмшоқкўнгил, дилкаш одамлари унга ташриф буюрувчининг эътибори ва меҳрини тортмай қўймайди.

    “Шоҳимардон” – “мардлар шоҳи” демакдир, аслий халқ уни “енгилмас йигитлар шоҳи” деб ҳам таърифлайди. Диний билим эгаларининг изоҳлашича, бу ном остида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг куёви, тўртинчи халифа Ҳазрат Алининг ўзи ётади ва у “Ҳазрати Шоҳимардон пирим”  дея эҳтиром билан лутф қилинади. Яна муқаддас манбалар Ҳазрат Алининг бемисл куч соҳиби, паҳлавон, мард, енгилмас, баҳодир, алп келбатли зот эканлиги, унинг 40 газлик зулфиқор (қилич)и бўлганлигидан хабар беради.

    Аслида бу улуғ ном тарихи бир неча мингйилликларга бориб тақалиши ёзма манбаларда ҳам қайд этилган. Ўзбек халқ достони “Алпомиш”да Бойбўрибий ва Бойсарибийлар бефарзандлик дардида алам чекиб ётганида дарвеш йўллови билан Бойсун ўлкасидан Шоҳимардон сари йўл солиб келишади. Ҳазрати Шоҳимардон пирим мозоротида 39 кеча тунаб, сўнггида бир туш кўрадилар. Тушларида бир шариф зот олмани икки бўлиб, уларга тутади. Бирига бир қиз, иккинчисига бир ўғил, бир қиз фарзанд насиб этишини айтади. Муроди ҳосил бўлиб қайтаётганларида яна ўша Бойсундаги дарвеш йўлиқиб, “Олганларинг муборак бўлсин” дея қутлайди.

    Мингйилдан зиёд вақт давомида халқ оғзаки ижодининг дурдонаси бўлиб келаётган достонда ушбу муродбахш макон ва ундаги азиз зотларнинг қутлуғ фазилати хусусида сўз айтилган экан, демак Шоҳимардоннинг илдизи бир неча мингйиллик тарихга туташдир.

    Ёши улуғларнинг айтишича, узоқ йиллар миллатидан қатъий назар мусулмон олами учун муқаддас муродхона мақомида қадрланиб келган мозоротни зиёрат қилишнинг ҳам ўз қоидаси бўлган. Дастлаб улкан тоғ бағрига, тепаликка пиёда, тирмашиб чиққан инсон “Жаннатариқ” деб номланган сойда чўмилиб, ҳам жисман покланган, ҳам шифобахш сувдан танасига дармон олган, сўнгра “Чаккатомар” булоғи сувидан ичиб, ички тозаловдан ўтган, ундан кейин Ҳазрат Али мозорини зиёрат қилиб, эзгу ниятларининг ижобатини тилаб, дуога қўл очган. Яхши ниятлари ҳосил бўлиб, муродига етган кишилар Шоҳимардон пирим зиёратига такрор келиб, хайр-у эҳсон йўлини тутганлар.

    Таъкидлаш керакки, Шоҳимардон қишлоғи бағридаги ўнлаб қадамжолар ҳамонки эллар, халқлар ихлосида. Бугун қадим ўлка ўз бағрига дунё аҳлини чорлаётгани, йиллар, асрлар синовидан омон ўтган қутлуғ даргоҳлар қайта тикланиб, обод гўшаларга айлантирилаётгани, унда экотуризм маркази ташкил этилгани, албатта, хайрлидир. Зеро, улуғвор тоғлар бағридаги  Эллик пайсаки тош, Кўктош, Кичик мозор (Шоҳ Толиб мозори), Катта мозор (Ҳазрат Али мозори), Умар Уммия мозори, Чакка томар сингари зиёратгоҳлар, шунингдек, “Арчамозор”, “Толмозор”, “Тошмозор”, “Белмозор”, “Зиркмозор” сингари мозорлар инсоният тафаккури етмас синоатлар, Ҳудога яқин, дуолари  мустажоб, солиҳ ва қобил зотлар, бир сўз билан айтганда, азизлар, авлиёлар ҳақидаги  ривоятлардан сўз очаётган бўлса, не ажаб. Улар ичида энг машҳури, шубҳасиз, Ҳазрат Али номи билан боғлиқ зиёратгоҳдир.

    Шоҳимардонлик Исроилжон ота Усмоновнинг ривоятлар ва манбаларга  асосланиб сўзлашича, Ҳазрат Алининг 7 та жойда мозори бўлган (ҳазратнинг васияти билан унга еттита тобут ясалиб, етти жойга дафн қилинган). Улардан тўрттаси Саудия Арабистони, биттаси Афғонистон, биттаси Нурота тумани ва сўнггиси Шохимардон қишлоғида жойлашган. Ҳазратдан ушбу тобутларнинг қай бирида чиндан бўлишларини сўраганларида, у зот “беш тоғнинг ораси, икки сув қўшилган жой, тепалик”ка, яъни  ҳозирги Шоҳимардон бағридаги Олой тоғ тизмасининг энг баланд, ҳушманзара қисмида жойлашган ва олди томони қияликка қараб турган мозорга ишорат берган эканлар.

    XIX аср охири –XX аср бошларида чоп этилган рус географ ва тарихчиларнинг аксарият Фарғона водийси тўғрисида келтирган маълумотларида Шохимардон хусусида алоҳида тўхталиб, маҳаллий аҳолининг энг муқаддас жойларидан бири сифатида эътироф этганлар. Рус олими А. Федченко ўзининг “Туркистонга саёҳат” асарида Шоҳимардон номи ҳам тилга олинади:

    “Шоҳимардон  Оқсув ва Кўксув сингари икки дарёнинг  қўшилган жойида жойлашган... Қишлоқнинг деярли бой бўлмаган бозорчаси мавжуд. Бозор вақф тарзида муқаддас мақбарага бириктирилган бўлиб, у ерни худди бир ибодатхона сифатида кўриш мумкин... Бу ерга дафн этилган авлиёни Шоҳимардон, яъни “Мардлар шоҳи” деб аташиб, бу ном унинг лақабидир. Баъзилар уни биринчи халифалардан  бўлмиш Али эканлигига (саҳоба Али ибн Абу Толиб, милодий 661 йили вафот этган) бизни қатъий ишонтирмоқчи бўлдилар. Ҳозирги вақтда бу мозор Қўқон хонлигидаги энг муқаддас жой  сифатида, ҳаттоки, қадимги Ўшнинг табаррук жойларидан ҳам машҳурроқдир. Уни зиёрат қилгани кўплаб художўйлар, нафақат хонликнинг турли жойларидан, балки қўшни ўлкалардан ҳам тез-тез келиб туради. Мен мақбарани кўздан кечирмоқчи бўлган эдим. Бироқ, бунга ноил бўла олмадим. Айтдиларки, халифа Али оромгоҳини бирон бир ғайридин кўриши мумкин эмас экан”.(“Ўзбекистон зиёратгоҳлари ва қадамжолари”, -Т., 2014.)

    Ўтмишдан маълумки, Ҳазрат Али мақбарасининг тақдири бот-бот қийинчилик ва талофотлар оғушида қолган. 1826 йилда Шоҳимардонда содир бўлган кучли зилзила оқибатида мақбара вайрон бўлади. Бирок бу табиат зилзилалари Иттифоқ давридаги мафкувий курашлар зилзиласи олдида ҳеч нарса эмасди. Айни шу мафкуравий курашлар остида бир неча марта мақбара бузиб юборилган, ёндирилган, талон-тарож қилинган. Одамлар шунда ҳам, шўро ҳукуматининг қаттиқ қаршиликларига қарамай, табиатнинг гўзал қучоғига ташриф буюришни, ота-боболаридан қолган муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун Шоҳимардонга келишни канда килишмаган.

    “Онамнинг айтишича, мен унинг етти йиллик орзуси ҳосили эканман, бефарзандлик доғи қийнаган онам ҳазрат Али мозорига бош уриб келган эканлар”, деб хотирлайди 92 ёшли Хамроби момо. “Дунёга келганимдан кейин бошимнинг ўнг томонидан Ҳазрат Алига атаб кокил қолдирилган экан. Улғайиб, волидамнинг имкони етганда, эҳсон бериб, ўша кокил олдирилган. Ўшанда соғлиқ, бахт, бойлик, омад тилаб келгувчилар, айниқса, фарзандталаб кишилар қадами бу ердан узилмаслигини онам кўп бора такрорларди. Балки мен қутлуғ муродхонада тилаб олинганим учун ҳам бугун умрзоқлик кўриб, хасталик нималигини билмай яшаётгандирман”. Ҳа, яхши ният билан, ёруғ умид илинжида келгувчилар учун бу даргоҳ ўз хосиятини, фазилатини мудом кўрсатаётир. 

    Истиқлол сабаб бугунги авлод қадим аждодларимиз  кўзга суртган муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни обод этиш, эъзозлаш имконига эга бўлди. Мустақиллик туфайлигина ушбу зиёратгоҳлар ўз бағрида асраб ётган ўтмиш ривоятлари, боқий афсоналарини бизга сўзлаб бермоқда ва шу асосда буюк Ватан тарихининг бетакрор ва мўжизавий саҳифалари яратилаётгани ҳам айни  ҳақиқатдир. Юртимизнинг кўҳна шаҳар ва қишлоқлари қатори  Шоҳимардон заминидаги муқаддас зиёратгоҳлар, диққатга сазовор жойлар ҳам олам аҳлини оҳанрабодай чорлаётир. Бизнинг бу муқаддас қадамжолар ҳусусидаги суҳбатларимиз яна давом этади. Зотан, хушният дилларнинг муродбахш ошиёнига сафаримиз сизни-да ушбу синоатли манзилга чорласа, қалбингизда она табиат ва илоҳий неъматлар бағрида жисман ва руҳан тозармоқ истаги уйғонса, биз кўзлаган эзгу муродимиз шудир.

     

    Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,

    “Фарғона ҳақиқати” мухбири.

    Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.