WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • САОДАТГА ЭРИШГАН УМР

    Яратган қайси халқни тўғри йўлга солмоқчи бўлса, у халққа мард ва жасур, олижаноб, донишманд йўлбошчи юборар экан, деган ҳикматни эшитганимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи  Президенти, халқимизнинг ардоқли фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовни эслайман ва мудом Ҳақ сийлаган халқнинг фарзанди эканлигимга шукрона айтаман.

    Тарихимизда “Фарғона воқеалари” номини олган мудҳиш муаммо эндигина мамлакат тепасига келган подшони том маънода иродасини синади. 1989 йил 25 июнь куни Ислом Каримов жанжал-тўполонлар алангасида қолиб кетган Фарғонага йўл олади. Ловуллаб ёнаётган уйлар, тахлика ва саросимага тушган қишлоқлар, қаҳр-ғазабга тўлган одамлар ичига дадил кириб боради. Улар билан чин дилдан, ҳеч нарсани яширмасдан очиқ гаплашади, шу вақтгача халқнинг ҳеч ким эшитмаган оҳу нолаларини тинглайди. Ислом Каримов – тартиб-интизомни тиклаш қон тўкилишининг олдини олиш бўйича бутун маъсулиятни ўз зиммасига олиб аниқ чора-тадбирлар кўради.

    Ислом Каримов 1989 йил 17 августда “Аҳолига томорқа ва шахсий участкалар ажратиш” тўғрисида қарор қабул қилди. Натижада минглаб одамлар уй-жойли ва ишли бўлди, бозорларда маҳсулотлар кўпайиб, нарх-наво арзонлашди, энг муҳими, ижтимоий кескинликни олдини олишга эришилди.

    Мустақиллик арафасида Иттифоқда рўй берган талотўплардан халқни омон олиб чиққан одил ва оқил раҳбар Ислом Каримов томонидан 1991 йил 31 август куни бизни азалий ва абадий орзуимиз – мустақиллигимиз тантанали эълон қилинди. Мамлакатимиз тарихида янги давр – миллий истиқлол даври бошланди.

    Мустақиллик декларацияси қабул қилинган сессияда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов келажакдаги мустақил Ўзбекистонни Конституциясини тузиш ғоясини илгари сурди. Нақадар узоқни кўра билиш, донишмандлик билан бўлажак Конституциямиз ҳар томонлама пухта бўлиши учун замин яратилган эди. Қарийб икки ярим йил давомида қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг Конституциямиз лойиҳаси тайёрланди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи  Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуслари билан Конституциямиз лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрда биринчи  бор, 1992 йил 26 ноябрь кунлари иккинчи бор умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Халқимиз томонидан таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинди. 1992 йил Олий Кенгашнинг 12 чақириқ 11 сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов нутқ сўзлаб, Конституциямизнинг халқимиз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлат ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутишига алоҳида тўхталди. Халқ тасдиғи ва давлат ишончи билан муқаддас Қомусимиз дунёга келди.

    Ўзбекистон Республикасининг Биринчи  Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон миллий армиясига асос солинишида муҳим роль ўйнаган. Миллий армияда чуқур амалий ислохотлар амалга оширилди, яъни профессионал армия юзага келди.

    Ислом Каримов раҳнамолигида кўплаб буюк алломаларимизнинг қутлуғ юбилейлари бўлиб ўтди, бунинг аҳамияти беқиёс. Биринчидан мустақилликни дастлабки йилларида мамлакатимиздаги иқтисодий вазият оғир эди, айнан шу даврда буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос халқ учун ҳар қачонгидан керак бўлди, юксак инсоний фазилатларга содиқ қолган халқимиз маънавий қуроллантирилди.

    Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизда  мисли кўрилмаган улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширилишига бош-қош бўлди. Соҳибқирон Амир Темур муҳташам Оқ-сарой пештоқларига ёздириб қўйган: “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсанг, биз қурдирган биноларга боқ!” хитоби моҳиятан Ислом Каримов номи билан боғлиқ улкан ободонлаштириш, бунёдкорлик ишларига ҳам бевосита тааллуқлидир.

    Биринчи  Президентимиз раҳбарлигида мустақил Ўзбекистон халқаро миқёсда ўз салоҳияти, имкониятини кўрсата олди. 1992 йил 2 мартда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг энг нуфузли ташкилотларидан бири Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. 1993 йил БМТнинг 48-сессияси, 1995 йил 50-сессияларида мамлакатимиз раҳбари сўзга чиқиб, бутун дунёни диний экстремизм, терроризм ҳамда наркобизнес сингари глобал муаммоларга қарши курашга чорлади, жумладан, Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш ғоясини илгари сурди.

    Биринчи Президентимиз ўз нутқларида “Инсон бахт учун яралган” деган  ғояни илгари сурди ва ўзи ҳам, том маънода, саодатли умрни яшаб ўтди. Халқимиз учун озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни мерос қолдирди. Энг қувонарлиси, давлатимиз келажаги учун  масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган муносиб инсонни тарбиялай олди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган эзгу даъват билан халқимизни юксак ислоҳотларга руҳлантираётгани юртдошларимиз қалбида ҳар томонлама бахтли ва фаровон келажакка бўлган ишончни янада юксалтирди.

    Ўзбек халқининг асл фарзанди, буюк Йўлбошчимизнинг барҳаёт ёди она юрт юрагида қолади, унинг эзгу ишлари одил Сарбоннинг адолати, халқпарварлиги билан, шубҳасиз, бардавом бўлади.

     

    Зафаржон САИДОВ,

    Фарғона 1-тиббиёт коллежи тарих фани ўқитувчиси.