WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • БИОГАЗ – ИСТИҚБОЛИ ПОРЛОҚ, ИҚТИСОДИЙ ВА ЭКОЛОГИК ТОЗА ИССИҚЛИК МАНБАИ

    Афсуски бизнинг шароитимизда бундай бойлик осмонга учиб кетмоқда

     

    Ҳар бир деҳқон ёки фермер хўжалигида катта миқдордаги гўнг, ўсимликлар қолдиқлари ва бошқа турли чиқиндилар бўлиши одатий ҳол. Аммо гўнг ва гўнг суюғи атроф-муҳитни ифлослантиради. Янги гўнгнинг далаларга солиниши эса ерости сувларининг заҳарланишига, ернинг зарарли микроорганизмлар билан ифлосланишига олиб келади.

    Тадқиқотларга кўра, гўнг чириши натижасида атмосферага кўп миқдорда метан гази ажралиб чиқади. Бошқача айтганда, 1 тонна метан газининг атмосферага чиқарилиши 21 тонна карбонат ангидридга тенг. Бу эса парник эффектини келтириб чиқариш ва  глобал исишга сабабчи бўлиб бормоқда. Бу муаммонинг бирдан бир ечими ҳам дунё миқёсида хайвон гўнгларидан биогаз олиш усулига ўтишдан иборатдир.

    Биогаздан фойдаланишга ўтиш эса нафақат планетамизни глобал исишдан асраш, балки биогаз қурилмаси ёрдамида олинадиган ушбу муқобил энергия – билан фермер ва чорвадорнинг уйини, фермасини, ҳатто кичик иссиқхоналарни иситишда ҳам бемалол фойдаланиш мумкин. Бинобарин, дастлабки ҳисобларга кўра, биогазнинг потенциали фақатгина чорвачилик чиқиндилари бўйича 8 миллиард м3 дан ортиқдир.

    Биогаз нима?

    Биогаз ишлаб чиқариш гўнглар, парранда ахлати, пичан, ғўзапоя, дарахт барглари ва бошқа биомассаларни метанли ачитувчи бактериялар билан анаэроб шароитда
    чиритилишига асосланган. Ишлаб чиқарилган биогазни тўплаб, қувирлар орқали истеъмолчигаузатиш ва транспорт воситаларида ёқилғи сифатида қўллаш мумкин.
    Биогаз асосан метан (55-85% - CH4) ва углерод икки оксидидан (15-45% - CO2) ташкил топганбўлиб, таркибида оз миқдорда (0-3%). водород ва олтингугурт бор. Унинг ёниш иссиқлиги кубометрига 25МДж (0,6 л бензин, 1,7 л спирт ва 1,7 кг ўтинга ёки 1,4 кВт/соат электро энергияга эквивалент).

    Биогаз қандай олинади?

    Биогаз ишлаб чиқаришга ўсимликшунослик, чорвачилик ва озиқ-овқат саноатининг барча чиқиндиларини хом-ашё (биомасса) сифатида қўллаш мумкин. Масалан, йирик шохли қорамол гўнгининг бир тоннасидан 60-65 кубометр биогаз олинади. Битта қорамол кунига 30-35 кг гўнг ҳосил қилиши ҳисобга олинса, ундан 1,7-2,5 кубометр биогаз ишлаб чиқариш мумкинлиги маълум бўлади. 1 тонна  чорва гўнгидан тахминан 300 м3 газ олиш мумкин.

    Аҳоли ва фермер хўжаликларидаги қорамоллар ёши ва турига қараб кунига тўпланадиганчиқинди миқдори турлича бўлиши мумкин. Бундан ташқари хўжаликда отлар, майда шоҳли моллар, товуқлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги жониворлари чиқиндилари тўпланиши мумкин. Уларнинг ҳар биридан чиқадиган биогаз миқдори турлича бўлади. Демак, ускуна реакторининг хажми, чиқиндиларга мос ортиб бориши учун, уни 10 ва 20 м3 (30 м3 ва ҳ.к.) хажмга эга бўлган модуллардан ясаш мақсадга муофиқ.

    Юқорида кўрилган мисолда, 2 та 10 м3 хажмли қўшреакторли биогаз ишлаб чиқариш ускунаси, хўжаликни биогазга бўлган эхтиёжини тўлиқ қондиради. Биринчи реактор тўлганидан кейин, биомасса иккинчи биореакторга солинади. Хажми 10 ва 20 м3, бўлган реакторларнинг аралаштиргичи, махсулотни узатиш, хом-ашъё солиш анжомлари ва бошқа жихозлар ўлчами ҳамда шакли бир ҳил бўлиши керак. Реактор хажмидан қатий назар, реактор қопқоғи ва ресивер камералари, газ узатувчи қувирлар ўлчами, ўлчаш асбоблари бир ҳил бўлиши керак.

    Дунё миқсида биогаз ишлаб чиқариш ва унинг истиқболлари

    Британия нефтгаз БП компаниясининг ҳисобларига кўра, табиий газдан фойдаланишнинг ҳозирги сурати (йилига 208,4 трлн куб м) сақланса, у 64 йилга етади. Шу сабабли, Биогаз ишлабчиқариш бутун жахон бўйича тез ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Масалан; Европа ҳам жамиятида ҳозир энергия таъминотининг 20% қайта тикланувчи энергия хиссасига тўғрикелади. Ушбу кўсатгич 2020 йилда 34% ва 2030 йилга 66% бўлиши кутилмоқда.

    Бир қатор мамлакатлар, хусусан, Хитойда ҳозирги кунда биоқурилмалардан кенг фойдаланилмоқда. Мамлакатда бугунги кунда йилига 14 миллиард м3 биогаз ишлаб чиқарилади. Ҳозир Хитой 20 дан ортиқ мамлакатга биогаз ва шу асосда ишловчи двигателларни экспорт қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ХХР биогаз ишлаб чиқариш бўйича шу ўсиш суръатини сақлаб қолса, 2020 йилга келиб соҳада етакчи мамлакатга айланади.

    Охирги йилларда бутун дунёда биогаз қурилмаларини барпо этишга ҳукуматлар даражасида катта аҳамият берилмоқда. Биогаз қурилмаларининг сони бўйича энг юқори кўрсаткич Хитойга тегишли бўлиб, 40 миллион донани ташкил қилади. Ҳиндистонда 3,8 миллион, Непалда 20 минг дона кичик ҳажмдаги биогаз қурилмалари мавжуд. Ўрта вакатта биогаз қурилмаларидан фойдаланиш Европа давлатларида ҳам тараққий этган бўлиб, биргина Германияда 8 минг дона йирик биогаз қурилмалариишлаб турибди.

    Ўзбекистонда биогаз ишлаб чиқариш

    Бу борада Ўзбекистонда ҳам ҳар хил ҳажмдаги биогаз қурилмаларини барпо этиш ва муқобил энергия манбаларини жорий қилиш имкониятлари юқори бўлиб, мамлакатимизда мазкур ишлар юзасидан бир қатор қарорлар қабул қилинган.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 14 февралдаги Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. II босқич лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2015 йил 5 майдаги “2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги” қарорлари мамлакатимизда айнан муқобил энергия манбалари, хусусан биогаз қурилмаларини жадал суръатларда ривожлантирилишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

    Бу йил мамлакатимизда биогаз қурилмаларини жорий этиш бўйича дастур қабул қилинди

    Мазкур дастурга асосан, Ўзбекистонда 2020 йилгача 726 та йирик чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари ўрнатилиши режалаштирилмоқда. 

    Мамлакат ҳукумати “2017-2019 йилларда республикада биогаз қурилмаларини ишлаб чиқариш ва жорий этишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

    Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистонда 2017-2019 йилларда 726 та йирик чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари ўрнатилади.

    Дастурга кўра, 2017 йилда 75 та йирик чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари ўрнатилса, 2018 йилда – 291 ва 2019 йилда – 360 хўжаликда жорий этиш режалаштирилган.

    Қарорда айтилишича, мамлакатдаги 8 та маҳаллий корхонада биогаз қурилмалари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бошланган.

    Ҳужжатда таъкидланишича, “Ўзбекнефтегаз” МХК, “Агробанк” АТБ ва Poly International Holding замонавий биогаз қурилмаларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашди. Унинг қиймати 10 млн. долларга тенг.

    Ҳозирда Ўзбекистонда 45 та чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари жорий этилган. Уларнинг умумий йиллик қуввати 1,1 млн. кубометр биогазни ташкил этади.

    Бир хонадонни биогаз билан таъминлаш учун қандай хажмдаги биогаз реактори қурилиши керак?

    Тўрт кишидан иборат 100 м2 сатҳга эга уйда истиқомат қилувчи ҳонадон 100 м2 сатҳгаэгамолҳонаси билан овқат тайёрлаш, сув ва иситишларга кунига 46,9-52,6 м3биогаз сарфлайди. Биогазни маълум қисми, биогаз ишлаб чиқарувчи қурилма реакторидаги биомассани қиш ойларидаиситишга сарфланишини ҳисобга олсак, кунига 60 м3 биогаз сарфланишини аниқлаш мумкин. Ёз ойларида биогаз сарфи 6,6 м3 дан ошмайди. Демак, биогаз асосан хонадон ва молҳонани иситишга сарфланади. Бу ўз навбатида илиқ кунларда биогазни қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга сарфлаш ва уни газгольдерда тўплаб қўйишга йўналтириш имконияини яратади. Демак, 30та қоромолга эга бўлган деҳқон ва фермер хўжалиги, 15-16 м3 хажмдаги реакторга эга биогаз ускунасидан фойдаланиб, ўз ҳонадонини энергия бўган эхтиёжини тўлиқ таъминлаши мумкин. Қорамоли кам бўлган томорқа ер эгалари эса қўшимча гўнгни сотиб олиши мумкин бўлади.

    Биогаз олинганидан кейинги қолдиқ биомассани нимага ишлатилади?

    Органик модданинг бижғиши жараёнида нафақат биогаз, балки қимматли, юқори даражада концентрацияланган, нитритлардан, бегона ўтлардан ва касалликни келтириб чиқарувчи микроорганизмлардан холи қилинган, таркибида бошқа оддий органик ўғитларга нисбатан 2-4 баробар кўп асосий озуқавий моддалар мавжуд бўлган чиринди ҳосил бўлади.

    Бундай ўғитнинг 1 килограмми самарадорлиги жиҳатидан 100 килограмм оддий гўнгга тенглаша олади. Ўғитнинг кимёвий-физикавий хусусиятлари тупроққа қўшилувчи ўғитларга қўйиладиган агрокимёвий ва экологик талабларга тўла жавоб беради.  Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида бундай ўғитдан гумус ўрнидафойдаланилади.

    Ундан ташқари мазкур усулда ҳосил қилинган органик модда таркибида кўпгина гумин кислоталари, ўсимликларнинг бўйини ўстирувчи стимуляторлар, витаминлар, аминокислоталар ва бошқалар бўлади. Бундай турдаги ўғитлар тупроқнинг унумдорлгини ошириш, ўсимликларни улар учун осон етказиб бериладиган озуқа элементлари билан таъминлаш ва минерал ўғитлар меъёрини қисқартириш имконини беради.

    Амалиёт шуни кўрсатадики, биоўғитлардан фойдаланиш балиқ етиштириладиган ҳовузлардаги санитария-гигиеник ҳолатнинг сезиларли яхшиланишига олиб келади. Биогаз қурилмаларида қайта ишланган гўнг яхши озуқа ҳисобланади — унда фойдали макро ва микроэлементлар, азот, фосфор ва калий парчаланган, осон ўзлаштириладиган ҳолатга ўтган бўлади. Бундан ташқари, биогаз қурилмаларида қайта ишланган гўнгда табиий ўстириш стимуляторлари (аукцин) пайдо бўлиши кузатилган.

    Хулоса қилиб мухтасар айтганда, биогаз технологияларини ҳаётга татбиқ этиш атроф-муҳит тозалигини сақлаш, шу билан бирга, иқтисодий ривожланишда янги ютуқларга эришиш имкониятини беради. Ҳар бир фермер ва чорвадор чиқиндиларни қайта ишлаш орқали газ, электр энергияси ва минерал ўғит оладиган бўлса, қанчадан-қанча сарф-харажатларни тежаб қолишга эришади.

    Шу ўринда айтиб ўтиш ўринлики, биогаз мавзусидаги бераётган маълумотларимиз давом этади. Давомли мақолаларимизда биогаз олиш қурилмаларини олиб ўрнатиш, вилоятимизда биогаз олиш ва уни истеъмол қилиш борасидаги дастлабки натижалар билан таништириб борамиз.

     

    Аҳмадали ТЕШАБОЕВ.