WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • ЭЪТИҚОД ВА САДОҚАТНИНГ ЁРҚИН ТИМСОЛИ

    Бир аср кўхна тарих учун кўз билан қош орасидай гап. Лекин ана шу оний лаҳзадай туюлган вақт бир инсон умрини алғов-далғовли ўтиши, гоҳ замоннинг нурли чўққиларига олиб чиқиши, даъфатан арши аълодан зулмат қаърига ирғитиши мумкин эканлигини яқин ўтмишимиз яққол кўрсатиб турибди.

    Атоқли давлат арбоби, юксак иқтидор эгаси Шароф Рашидовга ҳам тақдир шундай мураккаб, зиддиятли, суронли ҳаётни раъво кўрди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек “Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи” сифатида эътироф этилган буюк шахс – қирқни қораламай туриб Иттифоқдаги энг катта Республикалардан бирига чорак аср раҳбарлик қилган Шароф Рашидов ҳам шундай мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтди.

    Айниқса, у киши билан ёнма-ён меҳнат қилган, дилдан суҳбат қурган кишилар орасида Шароф ота болаликдаги, талабалик йилларидаги дўстлари, меҳнат фаолияти даврида таниган, билган кишиларни доим қалбан эъзозлаб, қўллаб-қувватлаб, кези келганда ҳимоя қилганлиги ҳақидаги ёрқин хотиралар юради.

    Шароф Рашидов ҳар йили кузакда, мезон мўралаган дамларда, пахта йиғим-терими қизғин паллага кирган кезларда Республикамиз вилоятларига бориб пахтакорлар, дала меҳнаткашлари билан “бор бўл-омон бўл” дея учрашишлари хайрли анъанага айланиб қолган эди.

    Олийгоҳни битириб, эндигина вилоят “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) газетасида иш бошлаган кезларим, эрталаб ишга келиб кабинетимга кирар-кирмай қабулхона котибаси мени бош муҳаррир йўқлаётганини айтиб қолди. Дарҳол у кишининг учинчи қаватдаги кабинетига йўл олдим. Муҳаррир Абдулла ака Мирзаевга қабулхона остонасида рўбарў бўлдим.

    “Машинангиз борми?” Саломимга алик ҳам олмай муҳарриримиз саволга тутди. Жавобни ҳам эшитмай “Кетдик, Бешариққа бориб келамиз” дея, -8 даражали кўзойнагини тўғрилаб, зина томон одимлади.

    Йўлга тушдик. Риштонгача Абдулла ака миқ этмади. Мен ҳам юрак ютиб бирор нарса дея олмадим. Дабдурустдан у киши “ёрилиб” қолди.

    -“Фарғонага Шароф ака келишяпти, сафарни Киров районидан (Бешариқ тумани ўша йилларда шу ном билан аталган) бошлашар экан. Учрашиб келамиз”, деб бир оз чеҳраси ёришди.

    Туман марказида одам сийрак. Бинобарин барча пахта йиғим-теримига сафарбар қилинган. Туман партия қўмитаси биносига яқинлашганимиз сари одамлар гавжумлаша бошлади. Йўл четидаги азим чинорларга арқон тортиб қўйилибди. Меҳмонларга пешвоз чиққан кишилар батартиб, уларни кутиб олишга шай туришибди. Биз ҳам машинани бир четга қўйиб, йўл бўйида кутувчилар сафига қўшилдик.

    Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай катта йўл ўртасида машиналар кортежи эмас, илдам қадам ташлаб келаётган одамлар сафи кўзга ташланди. Уларнинг ўртасида бошига сомон шляпа қийган, йўл бўйида тўпланган кишиларга тавозе билан салом бериб келаётган Шароф ака алоҳида кўзга ташланиб турар эди. Вилоятларга ташриф кезларида Шароф Рашидов йўлда кетаётиб одамлар тўпланиб турган бўлса, албатта машинадан тушиб улар билан сўрашиб суҳбат қуриб, сўнг бир оз пиёда юриб сафарни давом этириши ҳақида ёқимли сўзлар юрар эди. Бу гал ҳам шу одатларини канда қилмай, район партия қўмитаси биносигача бўлган 1-1,5 километр масофани пиёда босиб келишаётган экан. Шароф Рашидов ҳамроҳлари билан райком биносига яқинлашганида кўзлари четда турган Абдулла акага тушиб қолди.

    У кишига қараб юриб;

    - Эй, Абдулла ака Сиз бу ерда нима қилаяпсиз? дея у киши билан самимий, дўстона кўришди. Сўнг вилоят партия қўмитасининг биринчи котибига юзланди:

    - Биз, Абдулла ака билан уруш йилларида вилоят газеталарига раҳбарлик қилганмиз. Марказкомнинг бюросида бир кунда, у киши “Коммуна”, мен эса Самарқанд вилоятининг “Ленин йўли” газетасига бош мухаррир қилиб тайинландик. Шунга ҳам салкам қирқ йил бўлибди. Абдулла аканинг тажрибасидан ёш ижодкорлар, журналистларни тарбиялашда кенг фойдаланиш керак. Қани, Абдулла ака биз билан юринг,дея у кишини тирсагидан тутиб райком биноси томон юриб кетишди.

    Орадан бир-бир ярим соат ўтгач Шароф Рашидов бошлиқ меҳмонлар ва мезбонлар, вилоят раҳбарлари лавозими бўйича бирин-кетин бўлиб райком биносидан чиқиб келишди. Шароф ака яна Абдулла акани билагидан ушлаб олган, нималарнидир уқтириб келарди. Катта йўлга чиқишганда Шароф Рашидов Абдулла ака билан қуюқ хайрлашди.

    Сизни соғ-саломат кўрганимдан хурсандман. Мана қисқа бўлса ҳам анча суҳбатлашдик.

    Шундан сўнг ёнига Фахриддин Шамсиддиновни чорлаб, самимий оҳангда:

    Фахриддин ака, Абдулла акага ўхшаган ҳаётий тажрибага эга муҳаррирлар бизнинг фахримиз, олтин фондимиз, уларни ҳар қанча эъзозласак, ҳурмат қилсак оз,-дея қайта-қайта такрорлади. Сўнг:

    Абдулла ака! Энди биз вилоятдаги бир икки район пахтазорларини кўриб, сўнг Наманганга ўтиб кетамиз, – дея хайрлашди. Яна пиёда юриб, одамларга самимий саломлар йўллаб анча олисда турган машиналар карвони томон юриб кетишди.

    Абдулла аканинг кайфияти шу даражада чоғ эдики, гўё учиб юргандай.

    Икки ойдан бери баъзи ғаламисларнинг иғво хатига асосланиб, редакцияни обкомнинг махсус комиссияси зимдан текшириб, бюрога материал тайёрлашибди. Шу кунларда муҳокамаси бўлиб, мени ишдан олишлари мумкин. Бу адолатсизлик ҳақида Шароф акага ёзиб юбордим, – деди Абдулла ака йўлда.

    Абдулла ака кайфияти чоғ бўлса, мақом йўлидаги ашулаларни хиргойи қилишни хуш кўрарди. Бу гал ҳам шу одатини канда қилмади. “Боғ аро қўйсам қадам”дан бошлаб бир неча қўшиқларни юракдан билганича ижро этиб келди.

    Бу воқеа мени чуқур мулоҳазага чорлади. Ажабо! Республиканинг биринчи раҳбари Абдулла аканинг хатини олгач шундоқ телефон гўшагини кўтариб, обкомнинг котибига “А.Мирзаев масаласига адолат билан қаранг, у киши матбуотимиз фахрийси” дея таъкидлаши ёки ёрдамчилари орқали кўрсатма, топшириқ бириш ҳам мумкин эди. Лекин у киши бошқача йўл тутди. Том маънодаги зиёли, юксак маданият соҳиби эканлигини амалда намойиш этди. Бешариққа бош муҳаррирни чақиртирди. Бу “тасодифий” учрашув орқали ҳушёр, ақлли киши ним коса остидаги сўзларни дарҳол англаб оларди.

    Текшир-текширлар ўзи-ўзидан тўхтатилди. Бюрога тайёрланган ҳужжатлар эса обкомнинг темир архивларидан жой олди.

    Абдулла ака Мирзаев эса яна беш йил 1983 йилнинг октябр ойи, яъни умрининг сўнгги кунига қадар вилоят “Коммуна” газетасига мохирона раҳбарлик қилди.

    Бу воқеа Шароф Рашидовнинг инсонларга нақадар ғамхўрлиги, ҳамкасбларини юрак тўрида ардоқлагани, бировнинг кўнглига озор етказмай ҳимоя қилганлиги эътиқод ва садоқатнинг ёрқин тимсоли эмасми?!

     

    Набижон СОБИРОВ,

    “Марғилон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири,

    Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси.