WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • ДУНЁ МИНБАРИДАН СЎЗЛАНГАН НУТҚ

    халқаро жамоатчиликни ўзига қаратди

     

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида муҳтарам Президентимиз юксак минбардан туриб, бизнинг мақсадимиз – юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий этиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат эканини эълон қилди.

    Мамлакатимиз раҳбарининг мазкур сўзлари, ҳақиқатан ҳам, республикамизда инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш борасида кенг кўламли ишлар, аниқ чора-тадбирлар изчил олиб борилаётганини тасдиқлайди.

    Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга. Бунинг учун барча ҳудудда Президентнинг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари ташкил этилган. Бу, ўз навбатида, “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган ҳаётий тамойил самарали рўёбга чиқарилаётганидан далолат беради. Шунингдек, Президентимиз айтган "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун", "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади" деган шиорлар сессияда иштирок этган барча давлат вакиллари ва улар орқали бутун дунё давлатларининг эьтиборига тушди. Чунки, барча даврларда яшаган инсонлар учун уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи давлат томонидан биринчи ўринга қўйилишига эришиш  ҳаммага ҳам насиб этмаган.

    Президентимиз ўз маърузасида таъкидлаганидек, Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига алоҳида устуворлик қаратмоқда. Бу эса барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашда долзарб аҳамиятга эгадир.

    Сўнгги вақтларда Ўзбекистон мазкур йўналишда аниқ қадамларни ташлади. Президентимиз биринчи ташрифини айнан қўшни мамлакатлар – Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистонга амалга оширгани бунинг амалий тасдиғидир. Хусусан, Қирғизистондаги музокаралар якунида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисида шартнома имзоланди. Бу икки халқ учун тарихий аҳамиятга молик воқеа бўлди.

    Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар, айтиш мумкинки, минтақалар тараққиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим ўрин тутади.

    Бугунги кунда терроризм ва унга қарши кураш борасида дунёда амалга оширилаётган ишларга тўхталар экан мамлакатимиз раҳбари бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинаётгани, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини айтиб ўтдилар. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир”, дея таъкидлади.

    Шу муносабат билан Президентимиз томонидан халқаро ҳуқуқий ҳужжат –  БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясиясини ишлаб чиқиш таклиф илгари сурилди. Дархақиқат, эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ёт ғоялар таьсиридан химоя қилиш, ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларни олдини олиш, уларни жиноятчига айланиб қолишдан асраш давлатимизнинг эртасига бўлган эьтибордир.

    Хулоса қилиб айтганда, мазкур тарихий маъруза мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон бундан кейин ҳам дунё рейтингида ўз мавқеини сақлаб қолишини англатади.

                                                

    А.СУЛТАНОВ,

    вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи,

    полковник.