WWW.HAQIQAT.UZ



Ўз Ру
СиёсатЖамиятИқтисодиётТиббиётТаълимМаданиятСпортТанловЖиноятҲужжатларТехнологияБарчаси

Архив

  • Барчаси
  • КОНФУЦИЙ УЛУҒЛАГАН БЕШ ХИСЛАТ

    Конфуций. Бу номни эшитганимизда қулоғимиз остида хитой мусиқаси янграб, донишманд шахс қиёфаси намоён бўлади.  

    Мени кўпроқ Конфуцийнинг фалсафий қарашлари ўзбек халқимизнинг азалий қадриятлари ва қарашларига ҳамоҳанг эканлиги ҳайратлантиради. Шу боис ҳам донишманднинг “Ўзингга раво кўрмаганни ўзгага ҳам раво кўрма” мазмунидаги ҳаёт фалсафаси кириб бормаган хонадоннинг ўзи йўқ. Буни мутафаккир муаллифлигидаги “Лун Юй” (“Суҳбат ва мулоҳазалар”) китоби мутолаасидан сўнг янада теранроқ англагандай бўлдим.

    2014 йилда “Янги аср авлоди” нашриётида қадимий ва замонавий хитой тилларидан Мажид Махмутходжаев ҳамда Наргиза Исматуллаева таржимаси бўйича  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов сўзбошиси билан чоп этилган асар кенг китобхонлар оммасига қаратилганлиги, маънавият ва маърифатни тарғиб этиши билан характерлидир.

    Конфуций Хитойда Жоу сулоласи ҳукмронлик қилган даврда яшаган. Бу даврда сиёсий ихтилофлар кучайган, оддий халқнинг аҳволи ниҳоятда оғир эди. Ўша замонда ҳам халқнинг ичидан чиққан зиёлилар маърифат учун курашганлар. Ана шундай давлатни истиқболга бошловчи ҳур фикрлиларнинг сардори Конфуций эди.

    Файласуф 63ёшли ҳарбий саркарда Конг Хэ ва унинг 17 ёшли канизаги Ян Жизайдан дунёга келган. Асл исми Конг Чю бўлган. Аммо унинг илмдаги мақоми устунлик қилиб, Конг Фу Зи, яъни устоз Конг деб атаганлар. У бир ярим ёшида отасидан етим қолади. Отаси тенгсиз қаҳрамонликлар кўрсатган, жасорат эгаси бўлган зобит эканлигини онасининг қизиқарли ҳикояларидан билиб улғайди. Конфуций асли киборлар жамиятидан бўлганлиги учун ўз мавқеини тиклашга астойдил ҳаракат қилди. Аввало, бунинг учун илмини оширди. Тез орада масъул лавозимларнинг бирига тайинланди. Лекин у ердаги адолатсизликлар билан чиқиша олмай, ўз шогирларига таълим беришни маъқул топади ва умрининг охиригача ўзини шу ишга бағишлайди.

    Конфуций 522 йил 30 ёшида Чюйфу шаҳрида илк хусусий мактабга асос солди. Шу тариқа у Хитойда биринчи устоз, зиёлилар жамиятининг ташкилотчиси бўлди.

    Унинг уч мингдан ортиқ шогирди бўлиб, уларнинг 4 таси ишончли шогирд, 10 таси донишманд шогирд, 72 нафари иқтидорли ва юксак фазилатли шогирдлар деб аталган.  

    Конфуций ўз номи билан аталувчи таълимотга асос солди. Бу таълимот у ҳаётлик чоғидаёқ кенг тадбиқ этилиб, инсонлар томонидан эътироф этилган. Халқнинг ҳаёт тарзи, давлатни бошқариш ишларида донишманднинг қарашларидан ўринли фойдаланилган. Қабила бошлиқлари ва юрт эгалари ҳам Конфуций ҳузурига зиёратга келиб, таъзим бажо келтирганлар. Аллома вафотидан сўнг унинг уйи зиёратгоҳга айланган. Ҳозирги кунда дунёнинг турли ерларидан келган зиёратчилар учун энг асосий зиёратгоҳ мана шу жойдир.

    Конфуцийнинг фалсафий қарашлари бугун унга бардавом ҳаёт туҳфа этаётир. Донишманднинг шогирдлар билан бўлган суҳбатлари ва мулоҳазаларидан мазкур китобда инсонпарварлик, адолат, мамлакатни қандай бошқариш, ота-онага ва устозга ҳурмат каби масалалар ўртага ташланади. Бундай суҳбатларни ўқир эканмиз, бевосита қадим-қадимдан ота-боболаримизнинг онгу шууримизга қуйган панд-насиҳатларини эсга оламиз. Хусусан, унинг шогирдларидан бири Зигонг олижаноб инсон ҳақида сўради. Устоз деди: “Олижаноб инсон дилида ўйлаганини аввал бажаради, сўнггина айтади”.

    Конфуций пок инсонда беш хислат бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

    Биринчидан, одамларга муҳаббат, меҳрибонлик, инсонпарварлик. Буни у одамда одамийликнинг бошланиши, деб таърифлайди. Шу билан бирга инсон ўзини ўзидан топади, деган қоидани файласуф илгари суради. Жалолиддин Румийда ҳам шунга яқин мисралар учрайди: “Аё, сиз жон чекиб ҳар лаҳза изларсиз илоҳийни, Ани излашга ҳожат йўқ илоҳий Сиз, илоҳий Сиз!” Демак, инсон, аввало, ҳар бир нарсани ўзидан излаши лозимлиги Конфуцийда ҳам учрайди.

    Иккинчидан, ҳақиқат, адолат. Бунга кўра инсон яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариши лозим. Ҳақ сўз, ҳақ амал ҳамиша ғолиб. Конфуций бу ҳақда “Оқил одам адолат излайди, пасткаш эса манфаат”, дейди.        

    Учинчидан, удум, одат, анъанага содиқлик. Масалан, ота-онага ҳурмат кўрсатиш. Конфуций дейди: “Ота-онани эҳтиром айлаш, оға-иниларнинг сўзларига қулоқ солиш – инсонпарварликнинг тамалидир”.

    Тўртинчидан, соғлом фикр, донолик, оқиллик, ўз хатти-ҳаракати оқибатларини олдиндан кўра билиш, ўзига четдан қараш ва баҳо бера олиш. Конфуций бундай қарашлари орқали ўз шогирдларига сабоқ беради. Устоз деди: “Олижаноб инсон ўзгаларнинг яхши ишларига кўмак беради, ёмон ишларига ёрдам бермайди”. 

    Бешинчидан, самимият, пок ният, ҳур фикр, сахийлик ва виждонлилик.

    Кўриниб турибдики, Конфуций таълимоти ҳали кўп инсонларни тўғри йўлга солади, яшашни, инсонийлик ва олижанобликни ўргатиши билан умрбоқийлик касб этаверади.

     

    Мунира ҚЎҚОНОВА.