Болаларни меҳр улғайтиради

Тошлоқ туман мактабгача таълим бўлими ташаббуси билан ташкил этилган вилоят семинарида “Қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида сўз юритилди.

Тумандаги 1-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида ўтказилган анжуманда шаҳар-туманлардаги мактабгача таълим муассасалари мудиралари ва тарбиячилар иштирок этди. Туман мактабгача таълим бўлими мудираси Нилуфархон Эминова семинарнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Дастлаб семинар қатнашчилари муассаса фаолияти, гуруҳларда яратилган шарт-шароитлар, болаларнинг ўзлаштириш қобилияти билан яқиндан танишдилар. “Буюк алломалар ҳаёти” деб номланган тадбирда тарбияланувчилар Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим, Жаҳон Отин Увайсий образларини, улар ижодига мансуб ғазалларни, миллий қўшиқ ва рақсларни маҳорат билан ижро этдилар.

Қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этишдаги муаммо ва ечимларга бағишланган семинарда иштирокчиларга зарурий кўрсатма ва тавсиялар берилди.

– Ҳозир туманимизда 45 та мактабгача таълим муассасаси ва уларнинг 11 та филиали фаолият кўрсатмоқда, – дейди анжуман қатнашчиси, Қува туман мактабгача таълим бўлимининг услубий ишлар бўйича шўъба мудираси Зиёдахон Қорачаева. – Ушбу семинарда энг муҳим вазифалардан саналган нодавлат боғчалар яратиш ҳақида алоҳида фикр билдирилди. Туманимиз маркази, Қайрағоч ва Акбаробод маҳалларимизда ҳам ана шундай муассасаларга эҳтиёж бор. Шу боис тадбиркорларимизнинг таклифлари алоҳида ўрганилмоқда.

Шу куни семинар қатнашчилари Турват қишлоғида ташкил этилган “Қуёшли юрт фарзандлари” номли давлат шерикчилигидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимида ҳам бўлдилар.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдузхон Хаджаева бу каби нодавлат муассасаларнинг бугуни ва истиқболлари ҳақида сўзлаб, юртимизда бунинг учун кенг имкониятлар ишга солинаётганини эътироф этди. Рамзий тасмалар қирқилиб, янги муассасага қадам қўйилди. Меҳмонлар 50 ўринга мўлжалланган, кичик ва тайёрлов гуруҳлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

– Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлардан руҳланиб, замонавий типдаги хусусий болалар боғчаси очиш ташаббусимиз қўллаб-қувватланди, – дейди муассаса раҳбари С.Боқижонова. – Аввало, бу типдаги боғчалар МТМлардан олис ҳудудда жойлашган, аҳоли гавжум бўлган масканлар учун афзал. Бунда тадбиркорлик фаолияти учун белгилаб берилган имкониятларга таяниб иш тутдик, қўшимча иш ўринлари яратишга муваффақ бўлдик.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида замонавий, ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш мақсадида инвесторларга ер участкалари, бўш турган бинолар, фаолият юритмаётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат МТМларини беғараза ажратиш белгиланган. Сабохатнинг ташаббуси ҳам таълимнинг сифат ва самарадорлигини яхшилашга ҳисса қўшди.