Фарғона шаҳар “Азия” меҳмонхонаси мажлислар залида БМТ халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюроси томонидан Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури доирасида “Уюшмалар эркинлиги ва жамоа музокараларини юритиш ҳуқуқини самарали қўллаш орқали халқаро меҳнат меъёрларини тадбиқ қилиш” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Икки кунлик ўқув семинари давомида ташкилот мутахассиси Харри Талига томонидан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари касаба уюшмалари фаолларига керакли тушунчалар берилди.
Маълумки, 1992 йилда мамлакатимиз ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди. Ҳозирги кунга қадар “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги, “Ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисида”ги, “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги сингари 14 та конвенцияси ратификацияланди.
Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2014 йилнинг 25 апрелида Ўзбекистон Республикаси ва ХМТ ўртасида ўзаро англашув тўғрисида Меморандум ва унга илова сифатида “2014-2016 йиллар учун Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури” имзоланди.
2017 йил 28 февралда мамлакат дастурининг амал қилиш муддати 2020 йилгача узайтирилди. Мамлакат дастури доирасида меҳнат соҳасидаги асосий ҳуқуқларни белгилаб берувчи конвенциялар ва тавсиялар шаклида қабул қилинадиган халқаро меҳнат стандартларини амалиётга кенг жорий этиш тизимли йўлга қўйилди. Соҳада шерикликни мустаҳкамлаш, шароит ва ижтимоий ҳимояни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Касаба уюшмалари билан иш берувчилар ўртасида ҳукуматлар вакилларининг иштирокидаги ижтимоий мулоқот, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш нафақат адолатли балки энг самарали усулларда олиб борилмоқда.
Иқтисодиёт тармоқлари ва иш излаётган шахслар мутахассисликлари бўйича аҳвол ва меҳнат бозори эҳтиёжлари ўрганиб чиқилмоқда. Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишсизларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалий қадамлар қўйилди.
2015-2016 йилларда республика бўйлаб ўтказилган Учинчи томон Мониторинги ва Қайта алоқа механизми доирасида мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат соҳасида тизимли муаммолар мавжуд эмаслигини яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистонда болалар меҳнатининг ижтимоий номақбуллиги тан олинди. Кўрилган чоралар натижасида 2014 йилдан буён Халқаро меҳнат конференцияси сессияларида кўриб чиқиш учун тузиладиган ХМТ конвенцияларига риоя этилишида бўшлиқлар мавжуд мамлакатлар рўйхатига киритилмаяпти.
Халқаро меҳнат ташкилотининг услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши ҳамда Жаҳон банкининг моддий-техник кўмаги билан касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошида Юридик клиника фаолияти йўлга қўйилди. Аҳоли билан Қайта алоқа механизми жорий этилганлиги фуқаролар манфаатларига хизмат қилмоқда.
Ўқув семинари давомида ташкилот ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, касаба уюшмалари роли ва аҳамиятини ошириш, ходимга мақбул иш шароитини яратилишига кўмаклашиш сингари масалалар юзасидан тавсиялар берилди.