Бешафқат қисмат

Шу етимчангизни йўқотмасангиз, сиз билан яшолмайман,- деди аёл эрига ярим тунда боланинг  йиғисини эшитиб.

Жонгинам, сабр қилинг, ҳар ишнинг вақт-соати бор,-деди эр бу гап неча бор айтилганини хаёлга келтирмай.

Хотинсиз қолган Жабборалининг пешонасига ўт кетсин. У гулдек Санобарини қанчалар муҳаббат билан севарди. Умри қисқа экан, ўғли тўрт ёшга қадам қўйганида юрак хасталигидан бевақт ўлиб кетди.  Энди ўғли Тусматжонни нега йўқотсин? Уни ахир жонидан ортиқ кўради. Болам наҳот уйимга сиғмаса? Бу аёлда оналик туйғуси ўлган чоғи. Уйланишига онаси сабабчи, уйланасан, деб қаттиқ туриб олди. Мана оқибати. Жавобини берай десай она рози бўлмайди. Ўғлини меҳрибонлик уйига топширсинми, дўст-душман нима дейди, топган озгина обрўси нима бўлади? Йўқ, йўқ, ўғлимни чин етим қилиб, Санобарнинг руҳини қовжиратмайман, – дея ичида нидо қиларди Жабборали.

Ота ишга кетганда Тусматжон қаровсиз қолади. Қорним оч, деса ўгай она итдек қопади. Шулар таъсирими Тусматжон бетоб бўлиб қолди. Жабборали ишдан келибоқ ўғлининг номини тилга олиб чақиради. Тусматжон ҳовлининг қаерида бўлмасин, югуриб келиб “Дадажон!” деб отасининг қучоғига отилади. Ота ҳам фарзандининг ёқимли, жарангдор овозидан эриб кетиб бағрига босади. Бугун ҳам ишдан келиб ўғлини чақирди. Ўғли овоз қилмади. Яна чақирди, жимлик, сукунат.

Жабборали шошиб уйга кирди. Тусматжон увада тўшакда ётар, алаҳларди.

Ойинг қани?

Уйларига кетдилар.

Жабборали чой дамлаб ўғлига иссиқ-иссиқ ичирди. Кейин қўшни шифокор Мақсудахонни олиб келди.

Тусматжоннинг ҳарорати тушиб уйқуга кетганда ўгай она уйга кириб келганди.

-Болага қарамай қаёқларда юрибсиз?

— Онамни кўргани кетувдим. Қон босимлари ошиб кетибди.

— Уни қарайдиган акангиз бор. Ўғлимни ташлаб кетавердингизми?

—  Менга она керак, қариб қолди.

— Менинг ўғлим керак эмасми?

— У сизга керак. Менга ким у?

Эрта билан Жабборали хотинига бироз насиҳат қилган бўлиб ишга кетди.

Тусматжон кўзини очганда одатдагидай уйда ҳеч ким кўринмади.  Ташқарида эрта пишар гилосга ёпирилган қушлар чуғури.

Ойи, – бу сўзни Тусматжон зўрға лутф қилди. Ўгай она яна уйларига кетганга ўхшайди. Бола бу дунёдан эрта кетган меҳрибонини эсга олиб йиғлади. Ҳа, онаизор  унинг бошида парвона бўларди, эркалаб, суярди.

Боланинг қорни очди. Ўрнидан қалтираб, аранг туриб электр чойнакни ёқмоқчи бўлди.  Қўли  электрнинг очиқ симига теккан эди, ток уни икки метр нарига улоқтириб ташлади…

Жабборали ишдан  келаётиб автобусга чиққан эди, ўриндиқда ўтирган хотинига кўзи тушди. Бекатда иккаласи бирга тушишди.

Қаёқдан келяпсиз?- кўнгли ғашланиб сўради .

Уйимиздан, онамни кўриб келяпман,- бамайлихотир жавоб берди аёли.

Бола яна ёлғиз қолдими?- ғазабини аранг ичига ютди.

Нима онамга қарамай, унга қарашим керакми?

Можаро тугамай эр-хотин уйга киришганда, Тусматжон полда, осмонга қараганча жонсиз ётар эди.

Жабборали жон ҳолатда ўғлини устига ўзини ташлаб, муздек юзига юзини босиб ўкирди. Бу ўкирик ичра мени кечир, ўғлим, деган фарёд ҳам бутун борлиқни тутди.

…Тусматжон она қабри ёнига қўйилди. Энди она бола ёнма-ён ётардилар.

Жабборали эртаси куни тошбағир хотиннинг юзига туфурди:

Лаънат сенга! Бугундан бошлаб онангни олдига даф бўл!

Жабборали икки қабрни тавоф қилгани бориб, кўзида ёш билан уйга қайтади. Кўзига ҳеч нарса кўринмайди.