Фаровонлик ва юксалиш асоси

Маҳалла аҳлининг турмуш тарзида бўй кўрсатаётган юксалишлар, обод манзиллар билан танишиш, бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ одамлар билан суҳбатлашиш дилингизни хушнуд қилади.

Юртимизда кечаётган юксалиш, кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари туманида ҳам намунали тарзда амалга оширилмоқда. Эртанги кунга ишониб яшаётган қишлоқ аҳли ширин ташвиши билан банд.

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Обод қишлоқ” Дастурига биноан туманимиздаги Шойимбек ва Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинлари танлаб олинди.

Очиғини айтиш керак, Шойимбек маҳалласида бир қатор муаммолар йиғилиб, хал қилиниши керак эди. Бунинг учун керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, дахлдор корхона ва ташкилотлар бириктирилди. Маҳаллада ҳозирда 4502 нафар аҳоли, 852 та хонадон бор. Шундан келиб чиқиб ҳудуддаги 5 та кўчада 26 та  якка тартибдаги уй-жойлар таъмирланади. Жумладан, Ёшлар кўчасидаги 3 та кўп қаватли уйларнинг фасад қисми таъмирланади, кириш йўлакларига темир эшиклар, индивидуал иситиш тизими ўрнатилади, пиёдалар йўлаклари реконструкция қилинади.

Юқори Шойимбек кўчаси 0, 30 км, Гулистон кўчасидаги 0.2 км пиёдалар йўлаги таъмирланади. Булоқбоши кўчасида 10 та, Юқори Шойимбек кўчасида 10 та, Гулистон кўчасида 10 та кўча чироқлари ўрнатилади.

Ижтимоий соха объектларида ҳам бир қатор амалий ишларни олиб боришни мақсад қилганмиз. Хусусан, Гулистон кўчасидаги 19-сонли ва Юқори Шойимбек кўчасидаги 20-сонли мактабгача таълим муассасалари мукаммал таъмирланади. Гулистон кўчасидаги 20-сонли умумтаълим мактабида қурилиш ва бунёдкорлик юмушлари адо этилади. Йиғин ҳудудига 2,6 км ичимлик суви тармоқлари тортилади. Бу эса ичимлик суви билан боғлиқ мурожаатларнинг ҳал этилишида муҳим қадам бўлади.

Қолаверса, Шойимбек МФЙ ахолисига 2018 йил давомида 376 дона газ баллон етказиб бериш кўзда тутилган. 3,35 км ички йўллар таъмирланиши ҳам режага киритилган.

Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинимизда ҳам керакли чора тадбирлар ишлаб чиқилди. Қарорга асосан, маҳаллага 1,9 км ичимлик суви тармоғи тортилади. Мевазор кўчасида 1 та сув минораси ўрнатилади, 2,8 км ички йўллар, 22 та уйлар таъмирланади. Шифокор кўчасидаги 2 та кўп қаватли уй фасади ҳамда 0,5 км йўлакчалар таъмирланади. 1 та янги савдо шахобчаси, 5 та маиший хизмат шахобчаси барпо этилади.

Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган мазкур дастур ҳудудларда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, халқни рози қилиш, юртимизни янада тараққий эттиришга хизмат қилади.