Фирибгарнинг тузоғи

Фирибгарлик, одамларни алдаш киши феъл-атворида энг ёмон қусурлардан бири ҳисобланади. Аммо айрим  кишилар бу иллатни  тирикчилик манбаига айлантириб оладилар. Учкўприклик  Зиябидин Сидиқов шундай “касб” эгаси.

Марҳум В.Соқибоев 7.700 АҚШ долларига М.Нурматовдан сотиб олган “Тисо” русумли транспорт  воситаси кузов номерида ўзгариш борлигини билгач, пулларини қайтариб олмоқчи бўлади. Аммо икки томон муроса қилолмай, келишмовчилик юзага келади. 2010 йилнинг  бошларида  З.Сидиқов  можародан хабар топиб, жияни Н.Хошимов  (унга оид қисми алоҳида иш юритувига  ажратилиб, қидирув эълон қилинган) билан бир гуруҳ бўлиб, ўз кўмагини таклиф қилади. М.Нурматовни  В.Соқибоевнинг устахонасига чақиртириб, қўрқитиб, дўқ-пўписа қилиб, зўравонлик билан автомашинасини қайтариб олишга мажбур қилиб,  оз бўлса-да 4 минг АҚШ доллари  ва 2 миллион сўм пулларни эгасига топширади. Ёрдам бергандай бўлиб,  келгусида ушбу пулларни  товламачилик йўли билан  қўлга киритиш режасини тузади.

2010 йилнинг  5 февраль куни   меҳнатига “раҳмат” эшитиш асносида ғишт заводи қураётганлиги, қурилишга пул зарур бўлиб қолганлигини билдиради.

Энди зарур пайтда биз сизга кўмак бердик. Бизга ҳам ёрдамингизни аямайсиз, деган умиддамиз, – дейди  хизматга яраша ҳиммат дегандек илжайиб. – Насиб қилса, тез орада қайтараман.  Ҳисобли дўст айрилмас.

Гарчи марҳум В.Соқибоевнинг қарз беришга имкони бўлмаса-да, ёлғонларига чув тушиб, рози бўлади. Автомашина пулларининг барчасини қўлига тутқазади. Пулни қайтариб бермаганидан сўнг хонадонига турмуш ўртоғи ва отаси билан боради. Аммо фойдаси бўлмайди. З.Сидиқов раҳбарлик лавозимида ишлашини хас-пўшлаб, қўрқитиб, пулдан  воз кечиш  даражасига олиб бориб қўяди.

УЧ БОРА ЧУВ ТУШДИ

У жиноий ҳаракатларини давом эттириб, таниши Илхомжон Турсуновга тузоқ қўяди. 2010 йилнинг май ойларида “Қақир саноат  инвест” масъулияти чекланган жамиятига бориб, 10 минг дона 3 миллион сўмлик пиштган ғишт олади. Аммо ўзи ҳам ғиштлар ҳам дараксиз кетади. 2012 йилнинг ёз ойларида атиги 2500 тасигина эгасига қайтариб берилади. Устамон фирибгар шу йилнинг куз ойларида  яна таниши рўпарасида пайдо бўлади.  Иложсизлиги ҳақида ёлғонларни кўпиртириб, И.Турсуновнинг ишонувчанлигидан фойдаланади. Ундан 1,5 миллион сўм пул маблағларини  олиб,  ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. 2015 йилнинг октябрь ойида яна чув туширади. Жияни Нодиржон Хошимовни 16 миллионга сотган   “Қақир саноат зонаси”да жойлашган 0,80 гектар майдони аслида  унга тегишли экани, ушбу ер майдони арзон нархда сотилганлиги ҳақида “оғиз кўпиртириб”,  яна 5 миллион сўм талаб қилади. “Танишлари” орқали ер майдони учун чиқарилган қарорни бекор қилдириб, ўзига қайтариб олиши ҳақида таҳдид қилиб, 3 миллион сўм пул ундирди.

КЕЛИШУВНИ БУЗДИ

2015 йилнинг январь ойида турмуш ўртоғи Х.Сидиқованинг  раҳбарлигидаги  “Холис савдо баракаси” хусусий корхонасига  қарашли хом ғишт ишлаб чиқарадиган дастгоҳни фуқаро Ж.Мўминовга 45 минг  АҚШ долларига сотишга келишади.  10 минг АҚШ доллари ҳисобидан 25 миллион сўм пулни олдиндан олиб ишлатиб бўлгач, келишувдаги қолган қисмини кейин бериш шартига риоя қилмайди.  Вақт ўтиб,  ундан дастгоҳ учун  бериладиган сумманинг барчасини сўрайди. Бошқа ҳаридорга сотиб юборишини айтиб, тазйиқ ўтказади. Унинг иложсизлигидан фойдаланиб, ғишт заводини таъмирлаб, фаолиятини юритиш орқали ҳар ойда 200 минг донадан  ҳом ғишт бериб,  шу йўл билан қарзини узиб юборишга кўндиради. Заводни таъмирлаш ва ишчи ҳолатига келтириш ишларига жами 18 миллиондан зиёд пул сарфланади. Ғишт заводидан пул ва ғишт олиб, З.Сидиқов  ўзгалардан бўлган 42 миллион 900 минг сўмлик  қарзларини узади. 2015 йилнинг июль-август ойига келиб, яна товламачилик йўлига ўтади. Завод ишларига аралашиб, камчилик топа бошлайди. Ж.Мўминовнинг эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиб, заводни бўшатиб қўйишни талаб қилади. 60 миллион сўмлик  транспорт ҳамда хом-ашёни ташлаб кетишга мажбурлаб,  жами  146.700000 сўмлик  жуда кўп миқдоридаги  мулкларини  қўлга киритади.  2016 йилнинг куз ойларида  у билан  дала майдонида учрашиб, тўлдирилмаган  ҳолатдаги  01.03.2015 йилда  “Бинодан фойдаланиш тўғрисида”ги белгиланган тартибда  рўйхатдан  ўтказилмаган сохта ижара шартномасини имзолатиб олади.

ТОВЛАМАЧИНИНГ ЖАЗОСИ

  Ҳеч ким  мушугини пишт демаган муштумзўр  “фаолияти”га шунчалик эрк берадики, 2015 йилнинг декабрь ойида туманнинг Яккатут  қишлоғида жойлашган  О.Азизовга қарашли пахта титиш цехи биносида  қонунга хилоф равишда қиморхона ташкил қилди. Моддий манфаатдор бўлиб, қимор ўйинларини ўтказиб келган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғон вилоят суди томонидан устамон фирибгарга Ўзбекистон Республикаси Жиноят  Кодексининг тегишли моддаларига асосан энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида  жарима  ва 12 йил озодликдан маҳрум қилиш  жазоси тайинланди. Судланувчи З.Сидиқовдан марҳум В.Соқибоевнинг қонуний вакили, отаси Ж.Соқибоевнинг моддий ва маънавий зарари юзасидан даъвоси йўқлиги  инобатга олинди.  Жабрланувчи И.Турсунов фойдасига 6.750 минг, Ж.Мўминов фойдасига 146.500 минг сўм  моддий зарар ундирилди.