Венгрия элчисининг Фарғонага ташрифи

Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги фаол ҳамкорларидандир. Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатлар савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, автомобилда халқаро йўловчи ва юк ташишга оид қатор ҳукуматлараро битимларга асосланади.

Бу ўз навбатида дўстлик алоқаларининг кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Венгриянинг Ўзбекистондаги элчиси Петер Сантонинг вилоятимизга ташрифи чоғида ҳам шу хусусиятлар яққол намоён бўлди.

Расмий қабул аввалида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев элчи жанобларига ташриф учун самимий миннатдорчилик билдирди.  Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги  дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг тобора тараққий этиб бораётганини эътироф этди. Марказий Осиёнинг гавҳари бўлган Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароит ва ютуқлар хусусида атрофлича тўхталди. Аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, бу борадаги қурилиш, ободончилик соҳаларида амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида гапириб берди.

Учрашувда таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Венгриянинг Марказий Осиёдаги йирик ва муҳим ҳамкори. Барқарор ривожланаётган иқтисодиётимиз, бизнес юритиш учун яратилган кенг имконият ва имтиёзлар, қонун билан кафолатланган преференциялар чет эллик бизнесменларнинг, жумладан, венгриялик ишбилармонларнинг мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилишга қизиқишини тобора оширмоқда. Олий мартабали меҳмон мулоқот чоғида бу жиҳатлар икки томонлама келишувларга эришиш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг янги қирраларини кашф этиш, барча соҳалардаги ҳамкорликни янада юксалтиришга хизмат қилишини эътироф этди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари саналган қишлоқ хўжалиги, саноат, интенсив боғлар, паррандачилик йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича фикрларини ўртоқлашди.

Қабул якунида вилоят ҳокими Венгриянинг Ўзбекистондаги элчиси Петер Сантога эсдалик совғалар топширди.

Элчи жаноблари ҳамжихатлик, ҳамкорлик истиқболларига катта ишонч билдирди.