Қудратимиз – ҳамжиҳатликда

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Қўштепа тумани “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10-умумтаълим мактабида  бўлиб ўтган дўстлик фестивали ўзида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган эзгу шиорнинг мазмун-моҳиятини тўла намоён этди.

Тантанали тадбирни туман ҳокими Баҳромжон Жуманов очиб, барчани бирдамлик ва тотувлик байрами билан қутлади.

Вилоят “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раҳбари Шавкатжон Тўйчиев фестивал турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг бардавом бўлишига замин яратиши, айниқса, ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этишига урғу берди.

Фестивалда вилоятимизда фаолият олиб борувчи 7 та миллий маданий марказлар раҳбарлари ва ижодий жамоалари аъзолари иштирок этишди. Улар томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқларда тинчликни асраб-авайлаш, ватанпарварлик, дўстлик, яхшилик ва эзгулик туйғулари мадҳ этилди.

Тадбир доирасида “Фарғона зиё китоб маркази” МЧЖ туман филиали томонидан китоблар ярмаркаси ташкил этилди.

“Тинчлик, тотувлик –олий неъмат”, “Биз – сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!”, “Миллий ва диний бағрикенглик – бағрикенглик омили” сингари эзгу ғоялар акс этган фотожамланмалар, миллий ҳунармандчилик, амалий санъат намуналари кўргазмаси фестивал моҳиятининг ёрқин намойиши бўлди.

Дўстлик фестиваллари вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланган дастур асосида барча туман-шаҳарларда давом этмоқда.