Миллий ғурур ва ифтихор тимсоли

Фарғона вилоят рус драма театрида “Амир Темур буюк саркарда ва давлат арбоби” номли маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Илҳомжон Носиров табрик сўзи билан очиб, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар ҳақида гапирди,  иштирокчиларни буюк саркарданинг таваллуд куни билан қизғин муборакбод этди.

Фарғона Давлат университети тарих кафедраси ўқитувчиси Равшан Акбаров Соҳибқироннинг фазилатлари-ростгўйлиги, кучли иродаси, собитқадамлиги болаликдан шаклланганлиги, ўспиринлик йилларидаги эгаллаган илмлари, ҳарбий салоҳияти улкан камолот касб этгани ҳақида сўз юритди. У шоҳлик узугидаги муҳр — “Куч-адолатда” деган шиорга бир умр таяниб яшаганлиги, буюк муаррихлар Темурни “Европанинг ҳалоскори” дея эътироф этганликлари халқимизга мудом ғурур ва ифтихор бағишлажагини таъкидлади.

Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов сценарийси асосидаги композицион чиқишларда Амир Темур сиймосида вилоят театри актёри  Турғун Қосимов саҳна монологини ижро этди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси махсус бўлинмаси томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш қилинди. Алп йигитларнинг ҳарбий машқлари, “Темурбеклар” ҳарбий мактаби ўқувчиларининг саҳнавий томошалари олқишлар билан кутиб олинди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист  Абдулҳай Каримов, хушовоз хонандалар Отабек Муҳаммадзоҳид, Акмал Саъдихонов, Шоҳруҳмирзо, Муҳаррамой Муродова, Шоҳида Зокирова ижро этган қўшиқлар, “Фантазия”, “Мукаррама” рақс ансамбллари раққосаларининг  чиқишлари томошабинларга завқ бағишлади.