Инновацион ғоя ва технологиялар

Фарғона давлат университетида Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий  қайта тузиш агентлигининг глобал экологик жамғармаси  томонидан  “Қишлоқ  хўжалигини  барқарорлаштириш  ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш” грант лойиҳаси якунига бағишланган семинар  ташкил этилди.

Лойиҳанинг биринчи босқичи  қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда қўлланиладиган технология ва ускуналарнинг афзалликлари, истиқболларига бағишланган амалий ишлар  иккита йўналишда амалга оширилди. Қуёш  фотоэлектрик станцияси ёрдамида сув чиқарувчи тизим, энергия тежамкор суғориш насослари, қуёш ёрдамида сув иситиш коллекторлари, биогаз ишлаб чиқарувчи ускуналарни татбиқ қилишга кўмаклашиш мақсадида режадаги  55 та  ўрнига 98 та кўргазма майдонлар, бевосита  вилоятимизда 9 та фермер хўжалигида грант лойиҳалари асосида кўргазма майдонлари ташкил этилди. Тегишли технологияларни жорий қилувчи тадбиркорлик субъектларига грант ажратиш таклифи  қўллаб-қувватланди.

Улушли  грант  қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда қўлланадиган  технологияларни  ҳамда энергия тежовчи жиҳозларни сотиб олиш учун ажратилди.  Лойиҳа иштирокчилари биогаз қурилмалари, қуёш коллекторлари, фотоэлектр мосламалари, шамол ва гидроэлектрик қурилмалари ҳамда энергия тежовчи самарадор ирригация насослари билан таъминланди.

Лойиҳа доирасида 14 та  биогаз қурилмаси, 12 та қуёш панеллари, 12 та қуёш фотоэлектрик станцияси ёрдамида сув чиқарувчи тизим, битта энергия тежамкор суғориш насоси ўрнатиш учун грант маблағлари ажратилди. Иккинчи босқичда тупроқ унумдорлигини яхшилашда замонавий агротехнологик усуллар афзаллиги  тарғиб қилинди. Учинчи  босқичда соҳага оид ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, мониторинг қилиш ва таҳлил қилишга замонавий услубий ёндашилди.

Семинар ишида бу борада эришилган ижобий натижалар хусусида  агентлик грант лойиҳаси координатори  С.Рашидов, агентликнинг Фарғона вилояти ҳудудий вакили  К.Каримов, агентлик  координатори  А.Боймуҳамедов, юридик фанлар доктори, профессор Ж.Холмўминов, ФарДУ поофессори Ғ.Ҳамидовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.