Спортимиз донғи дунёга танилади

2018 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонда жисмоний тарбия ва спортни ташкил этишда қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали олиб боришга ва мамлакатнинг мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётганлиги, бу муаммо ва камчиликлар кўрсатиб берилди.

Масалан, жойларда жисмоний тарбия ва спорт бошқарувининг самарали яхлит тизими мавжуд эмаслиги ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштиришни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва тарғиб қилишни таъминламаётганлиги кўрсатиб ўтилган. Ҳақиқатан ҳам бу масалага вилоят миқёсида ёндашадиган бўлсак, туман -шаҳарларда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг бўлинмалари мавжуд эмас эди.

Бошқарманинг 19 та туман-шаҳарларда фақат биттадан фаолият кўрсатаётган бош мутахассислари иш жараёнини олиб боришда турли муаммоларга дуч келаётган эди. Эндиликда ҳар бир туман -шаҳарда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига бўйсунадиган жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари ташкил этилиши, уларда 3-4 нафардан ходим ишлаши мумкинлиги белгиланиб, бунда Фарғона вилояти учун жами 66 та штат бирлиги ажратилди. Шу билан бирга вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси штат бирликлари сони ҳам аввалгисига нисбатан 4 тага оширилди.

Фармондаги яна бир жиҳат — спорт кадрларини, айниқса бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими жисмоний тарбия ва спорт бошқаруви соҳасида малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш имконини бермаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг ечими сифатида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошидаги жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказини вазирлик тасарруфига бериш, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида унинг филиалларини ташкил қилиш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини ташкил этиш белгиланди.

Фармонда халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли маҳаллий спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаганлиги, бундай ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан механизми назарда тутилмаганлиги ҳам камчилик сифатида қайд этилган. Шунга кўра, жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда спорт кийими, анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолиятини ташкил этиш учун пойтахт минтақасида “Спорт” эркин иктисодий зонасини ташкил қилиш вазифаси белгиланди.

Бугунги кунда айрим спорт турлари бўйича спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларининг юртимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаганлиги, уларни  четдан олиб келиш катта маблағлар талаб қилиши бу спорт турлари оммалашишига тўсқинлик қилаётганлиги биз спортчиларни қийнаб келаётган нуқталаримиздан бири эди. Вилоятимизда қиличбозлик, камондан ўқ отиш каби спорт турларини бунга мисол  келтириш мумкин.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг янада юксалишига, унда шаффофликни таъминлашга, юртимиз спорти довруғини дунёга янада танитишга асос бўлиб хизмат қилишига ҳеч шубҳа йўқ.