МикроГЭСлар қуриш фурсати келди

Газетамизнинг аввалги сонларида “Марғилонсойда микроГЭС”, “Фарғонада замонавий микроГЭСлар” сарлавҳали мақолаларда мазкур инновацион лойиҳанинг афзалликлари, бу борада илмий-тадқиқот ишларини самаралари, соҳани ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ҳақида батафсил маълумотлар берган эдик. Шундан сўнг таҳририятимизга телефон орқали бир неча бор қўнғироқлар бўлди.

Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда микроГЭСлар фаолиятини янада жадаллаштириш масаласи муҳим мавзулардан бири бўлиб, бу борада вилоятимизда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш заруратини туғдирмоқда. Хўш, олимларнинг изланишлари самараси ўлароқ, вилоятимизнинг қайси сув ҳавзаларида микро ГЭСларни қуриш мумкин?

Дарҳақиқат, олимларимиз томонидан содда ишланган, қиймати камчиқим бўлган сув генератори электр энергиясини тежашда, унинг узлуксизлигини таъминлашда жуда қулай манбадир. Президентимизнинг 2017 йил 26 майдаги “Қайта тикланувчан энергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада 2017-2021 йилларда энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорида гидроэнергетика, энергия тежамкорлик ва қайта тикланувчи  энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, соҳадаги ишларни  сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш вазифаси белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда  микроГЭСлар ишлаб  чиқаришни самарали йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар берган эди.

Бугунги кунда Фарғона шаҳридаги Марғилонсойга ўрнатилган соатига ҳар бирининг қуввати 50 киловатт электр энергияси ишлаб чиқарадиган 2 та генератор ишлаб турибди. Бироқ кўплаб қурилмалар ёрдамида Марғилонсойнинг ўзидан электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти борлигини олимлар таъкидлашмоқда.

Бундан ташқари Катта Фарғона канали, Жанубий Фарғона канали, Андижон каналларидаги сув оқимининг тезлиги, миқдори, баландлик босими ҳамда истеъмолчиларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда  МикроГЭСлар қуриш таклифлари қўллаб-қувватланди.

Фарғона политехника институти илмий бўлими раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Сирожиддин Эргашев раҳбарлигида илмий-лаборатория фаолияти  сой  ва  каналларнинг сув  оқими табиий шароити ва кинетик  энергиясидан  фойдаланиб ишловчи оддий, арзон ва ишлатилиши қулай, автоматлаштирилган автоном МикроГЭСларни яратишга қаратилган. Бу борада институт олимлари томонидан вилоятнинг сув хўжалиги, электр тармоқлари  ва Фарғона механика заводи мутахассислари билан биргаликда  Микро-гидроэлектростанциялар  ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва  ҳаётга татбиқ этиш  бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» асосида иш олиб бориляпти.

Тадқиқотчи-олимларнинг таъкидлашича, микроГЭСлар ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этадиган генератор қурилмаси асосан  Хитой ёки Россиядан давлатидан олиб келинмоқда. Мазкур қурилмани ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилса таннарх икки баробарга арзонлашишига эришилади, янги иш ўринлари яратилади. Шу мақсадда институт илмий лабораториясида МикроГЭСни  марказий электр тармоқларига уланиш схемалари, автоматик бошқариш тизимлари устида изланишлар олиб борилмоқда. Институт олимлари Олтиариқ туманидаги «Maida izol invest» корхонаси мутахассислари билан биргаликда  МикроГЭСлар учун  доимий магнитли замонавий инновацион генераторлар, автоматик бошқариш тизимлари, ионно-литийли ва водородли аккумуляторларни ишлаб чиқарувчи  инновацион корхонани ташкил этиш борасида саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

МикроГЭСларнинг қуриш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан олимлар, ёш тадқиқотчилар, бизнес соҳа вакиллари қуйидаги фикрларни билдиришмоқда:

Қайта тикланадиган электр манбааларидан фойдаланиш орқали тобора ортиб бораётган электр-энергияга бўлган эҳтиёжимизни қондирган бўламиз, – дейди Фарғона политехника институти илмий бўлими раҳбари Сирожиддин Эргашев. –Институтимиз олимларининг 3-4 йилдан буён олиб бораётган илмий-тадқиқиот ишларини вилоятимиз раҳбари Шуҳрат Ғаниев қўллаб-қувватлаб, қурилмаларимизни ишга тушириш учун вилоят ҳокимлиги томонидан катта имкониятлар яратиб берилди. Тажриба сифатида ўрнатилган МикроГЭСларимизнинг бири Алишер Навоий номли кинотеатр олдида, бугун унинг ёрдамида “Каштанзор” кўчаси алеяси ёритилмоқда. Иккинчиси эса “Марғилонсой” тўйхонасини электр-энергия билан узлуксиз таъминлаяпти. Ўтган йилнинг 22-23 июнь кунлари Президентимиз Фарғонага ташрифлари чоғида Фарғона механика заводида бундай қурилмаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бутун республикага етказиб бериш вазифасини топширган эдилар. Олимларимиз, йирик заводлар мутахассислари, тадбиркорлар билан биргаликда микро ГЭС лар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. 3-4 хил турдаги лойиҳаларни тайёрлаб, тажриба нусхаларини ишлаб чиқариб, тадбиркорлик субъектларига етказиб бериш арафасидамиз. Шоҳимардонсойнинг Чимён ҳудудидан ўтувчи қисмига Ғайратжон исмли тадбиркоримиз хонадони учун 10 кВтли қурилма қурилади. Унинг ёрдамида ишбилармонимиз катта музлатгичларни кунига 240 кВт/соат электр-энергия ишлаб чиқариш ҳисобига бемалол ишлатиши мумкин. Яна шу сойнинг Олтиариқ ҳудудидан кесиб ўтиш жойига кичик ГЭС қуриб, фермер Абдубанноб Каримов Қапчуғай адирликларидаги боғини электр-энергия орқали сув насосида ёрдамида суғоришни йўлга қўймоқчи. Фарғона шаҳрида ҳам қатор тадбиркорларимиз билан бу борада шартномаларни тузиш ишларини амалга оширяпмиз. Йўл харитасига мувофиқ, 2021 йилгача 230 тадан ортиқ МикроГЭСлар қурилиб, халқимиз электр-энергия билан таъминланади.

Бир қараганда МикроГЭСларни ўрнатиш қийинга ўхшайди, –дейди фермер Абдураҳим Оламов . – Чунки уларни қуриш, ишлатиш, доимий назорат қилиб туриш, таъмирлаш ишлари, ишлаб чиқарилган бу энергияни ишлата билишдан кўра тўғридан-тўғри келадиган электр-энергиядан фойдаланиш осонроқдек туюлади. Аммо соатига 10 кВт энергия ишлаб чиқарадиган кичик ГЭСни ўртатган тадбиркор бир кунда 55 минг сўмлик электр-энергия олади. У энди ўзидан орттириб, ҳатто сотиши ҳам мумкин. 2021 йилга бориб муқобил энергиянинг фақат ўзимизда ишлаб чиқарилганидан фойдаланиш зарурлиги белгилаб қўйилганлигини инобатга олсак, микроГЭСларнинг турли хил қувватдаги қурилмаларини қуриб, давлатга, аҳолига, тадбиркорларга энергия сотиш бизнесини йўлга қўйиш катта имкониятлар эшигини очади. Бу ҳам тадбиркорнинг ўзига, ҳам давлатга, ҳам халққа фойдалидир. Демак, микро ГЭСлардан фойдаланиш фурсати келди. Фарғоналик олимларнинг изланишлари – энди ишлаб чиқаришга!

МикроГЭСларнинг фойдаси, афзалликларини мутахассислар тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар, аҳолига тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш, фойдаланиш йўлларини ўргатиш зарур. Тажриба қурилмасини ўрнатилиши билан Республика Олий таълим вазирлиги дарров эътибор қаратиб, гидроэнергетикларни тайёрлаш мақсадида 50 та квота ажратди. Фарғона Политехника институти электроэнергетика кафедрасида гидроэнергетика мутахассислари тайёрланиб, олимларнинг ишларини давом эттирадиган ёшлар майдонга кириб келди, – дейди ёш тадқиқотчи Сардор Юсупов.

Президентимизнинг 2017 йил 22-23 июнь кунлари Фарғонага ташрифи давомида белгиланган вазифаларга кўра, микрогидроэлектростанциялари  ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва  уларни сой ва каналларга татбиқ этиш  юзасидан Фарғона политехника институти, Фарғона механика заводи, Фарғона сув хўжалиги ва Фарғона электр тармоқлари билан биргаликда бажарадиган ишлари бўйича “Йўл харитаси” тузилган.

Вилоятимиздан ўтган каналлар тамоқларига 230 та   ўртача қуввати 50 кВт бўлган МикроГЭСлар қуриш харитаси  ишлаб чиқилди. МикроГЭСларнинг ўртача йиллик иш соати 8000 соат бўлганда 230 та МикроГЭСнинг йиллик ишлаб чиарган электр энергияси қуввати   92 миллион кВт/ соат бўлиши ёки вилоят бўйича 1 йилда сарф қилинадиган электр энергияниг 2 фоизини  иқтисод қилиш имконини бериши аниқланди. Агар кичик ГЭСлар ишга туширилса, улар томонидан ишлаб чиқарилган йиллик умумий электр энергияси қиймати   17 миллиард 572 миллион сўмни ташкил этади. Демак, эртанги ёруғлик учун бугундан изланиш даркор.