Омборхонадан топилган оғу

Дилмурод  Тожиматов  Қўштепа  туманидаги “Исмоил Жўрабек саховати” фермер хўжалигида тинчгина ишлаб, оиласини ҳалол луқма билан боқиб келаётганди.  Аммо тўрт  нафар фарзанднинг отасини шайтон йўлдан уриб, нафс кўйига кирди.

Ўтган йили ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган  “Қорадори-2017” тадбири ўтказилди. Тадбирда Д.Тожиматовнинг  хонадони поли  устида қуритилаётган наша гиёҳванд ўсимлиги ашёвий далил тариқасида олинди. Судга оид кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу ўсимлик таркибида  тетрагидроканнабинол моддаси   мавжудлиги, бу “марихуана” гиёҳвандлик моддаси бўлиб, оғирлиги 2130 граммни ташкил этган.

Наркологик экспертизада Д.Тожиматовда гиёҳвандлик касаллиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 96-моддасини  қўллашга муҳтожлиги кўрсатиб ўтилди.

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб,ўзи анчадан буён наша истеъмол қилишини, шунинг учун  яшаш хонадони омборхонасига  гиёҳвандлик  моддаларини  яшириб қўйганини  билдирди.  Омборхонадаги оғуни ўз  ихтиёри  билан  ИИБ ходимларига  топширганини  айтиб, қилмишидан  пушаймонлиги,  вояга  етмаган  фарзандлари  борлигини  инобатга олиб, енгиллик беришларини сўради.

***

Баҳром  Ғофуров  Ўзбекистон туманининг Кўл элаш қишлоғида истиқомат қилади.

“Бекорчидан худо безор” деганларидек, мўмай даромад топиш мақсадида  сой бўйида ўсиб чиққан ёввойи наша ўсимлигини териб келиб, оғилхонада  сақлаган.

Шу орада таниши О.Мададов қўнғироқ қилиб, “дори” топиб беришини илтимос қилади. Улар ўтган йилнинг май ойида Қўқон шаҳар, Авғонбоғ маҳалласида жойлашган  “Шаббода” ошхонаси олдида учрашишга келишади. “Сотувчи” Б.Ғофуров олиб келган  24,24 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини  махсус харидор А.Мададовга 140.000 сўм пул эвазига  сотаётганда  қўлга  олинди.

Унинг яшаш хонадони холислар иштирокида текширилганда оғилхонадан қора рангли целлофан пакетга солинган 95 грамм “марихуана”  ашёвий далил тариқасида олинди.

Судланувчи берган кўрсатмасида дастлаб “уйга олиб келган наша ўсимлигини  чорва  ҳайвонларига бериш учун  сақлаганини”  баҳона қилди. Аммо далиллар  олдида  қилмиши фош бўлди.

Иккала судланувчига қилмишига яраша жазо тайинланди.