Соғлом она ойлиги

Вилоятимизда жорий йилнинг 12 март-14 апрель кунлари  “Соғлом она” ойлиги  ўтказилмоқда.

–Шу  кунгача  Фарғона, Ёзёвон, Риштон, Бувайда  туманлари ва Фарғона  шаҳрида  ўн  минг нафар фертиль ёшидаги  аёллар тиббий  кўрикдан  ўтказилди. Ойлик  давомида  барча  шаҳар-туманлардаги  ҚВП, катталар ва оилавий поликлиникаларда  жами  82307 нафар туғиш  ёшидаги  аёллар  тиббий кўрикдан ўтказилади,– дейди вилоят репродуктив саломатлик маркази раҳбари Дилафруз Атахўжаева.

Ўтган йилда  Фарғона шаҳрининг еттита оилавий поликлиникаларида соғлиқни сақлаш муассасаларига  консультатив ва  амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика акушерлик–гинекология илмий-текшириш институти ҳамда вилоят мутахассислари иштирокида вилоятимизнинг шаҳар-туманларидаги  фертил ёшидаги  аёллар саломатлигини  мустаҳкамлаш мақсадида “Соғломлаштириш  ҳафталиги”  ўтказилди. Унда “Соғлом она-соғлом  бола” ҳаракатининг мазмун-моҳиятини кенг оммалаштириш,  репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, ёш ва катта ёшдаги аёллар  ўртасидаги  ҳомиладорлик  асоратлари ҳақида  очиқ мулоқот, учрашувлар  ўтказилди. Бундай ҳафталиклар барча шаҳар-туманларда ўтказилди.

Тошлоқ,  Қува, Ўзбекистон, Бағдод, Учкўприк  ва   бошқа   туманлардаги ҚВП, катталар поликлиникаларида   ўтган йил давомида никоҳдан ўтувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, репродуктив саломатлик, эрта ва  қариндошлар ўртасидаги  никоҳларнинг салбий  оқибатлари  мавзуларида  ўқувчи-ёшлар, талабалар, аҳоли  ўртасида  савол-жавоблар, давра  суҳбатлари  ўтказилиб, турли мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Вилоятимиз бўйича ўтган йилда 10 мингдан зиёд никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Аҳоли  репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий ривожланган авлодни шакллантириш юзасидан  амалий  ишларни  кучайтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари давом эттирилмоқда.