Маъмурий судлар

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари борасида бутунлай янги босқич бошланди ва мислсиз тарихий қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Жумладан, 2017 йил 1 июндан Фарғона вилоят маъмурий суди, туман ва шаҳар судлари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятда вилоят судидан ташқари 19та – 4 та шаҳар, 15та туман маъмурий судлари ташкил этилди.

Янги ташкил этилган маъмурий судлар томонидан қандай тоифадаги ишлар кўриб чиқилишини билиш кенг жамоатчиликни қизиқтириши табиий. Амалдаги қонунчиликка кўра оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судларга ўтказилди.

Маъмурий судлар томонидан кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар – бу бир томондан фуқаролар ва юридик шахслар бўлса, бошқа томондан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқий низолар бўлиб, бунда ҳар бир шахс конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини амалга оширади.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юзасидан судлар фаолиятининг самарадорлигини таъминлашда улар томонидан қўлланилаётган процессуал қонунларнинг бугунги кун талабларига нечоғлиқ мувофиқлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш фуқаролик-процессуал ва хўжалик-процессуал кодекслари нормалари билан тартибга солиб келинар эди.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриш маъмурий судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қонунчилик ташаббуси асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекси ишлаб чиқилди. Мазкур Кодекс 2017 йил 20 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланиб, Президентимиз томонидан 2018 йил 25 январда тасдиқланди ва жорий йилнинг 1 апрелидан  кучга кириши белгиланди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекс 4 бўлим, 29 боб ва 288 моддадан иборат. Кодекснинг 26-моддасига кўра, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.

Маъмурий судларга тааллуқли ишлар туман(шаҳар) маъмурий судлари томонидан кўрилади, давлат сири билан боғлиқ ишлар эса вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади. Шунингдек, янги Кодексда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар тоифаси ҳам белгилаб қўйилди.

Судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра, фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти), қарорлари, хатти-ҳаракатлари шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган жойдаги ёки мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.

Шунингдек, янги амалга киритилаётган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекс маъмурий суд ишларини юритиш принциплари, суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судга мурожаат қилиш, судда ишларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати, суд қарорлари ва улар устидан шикоят қилиш, суд қарорларини ижро қилиш ва суд иш юритиши билан боғлиқ бошқа масалаларни тартибга солишга оид нормаларни қамраб олган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекснинг кучга кириши фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зид бўлган давлат бошқаруви, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ноқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилинишини процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди.