Ўзбекистон бўйлаб саёхат қил!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, вилоят  ҳокимининг Фармон ижросини таъминлаш маысадида қабул қилинган. Қарорида соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, туризм салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди,  вилоятимизда ички туризмни янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб имтиёзлар  яратилди.

Фармонга кўра,”Ўзбекистон бўйлаб саёхат қил!” ички  туризмни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Кексалар, ёш оилалар, фуқаролар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар ва бошқа бирлашмалар вакиллари туризм мавсуми суст даврида республика ҳудудлари бўйлаб саёҳат қиладилар.  Бунда мамлакатимиз ахолисининг барча қатламлари қамраб олинади.  Таълим муассасаслари ўқувчилари  учун  таътил даври ва дам олиш кунлари, ташкилот ходимлари учун дам олиш, умуммиллий байрамлар ва таътил кунларида, аҳолининг  ижтимоий заиф қатламлари, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий курортларда дам олишдан фаол фойдаланган  ҳолда йил давомида амалга оширилади.

Дастур доирасида вилоятимизнинг шаҳар-туманлари бўйлаб “Олтин водий бўйлаб саёҳат” шиори остида 30 дан ортиқ туристик йўналишлар ташкил қилинди. Туристик объектлар, меъморий ёдгорликлар, ҳунармандлар маркази, дам олиш оромгоҳлари зиёратчилар қадами билан янада қутлуғ бўлади.  “Ҳаво сайёҳ”, “Ал Фергани тур”, “Мир жаҳон”, “Долина Лиана”  сингари 11 та туризм ташкилотларида жорий йилда саёҳатчиларга ва зиёратчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш, хизмат турларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

Фарғона туманидаги “Farg’ona Vodiy Sayyox” МЧЖ шаклидаги туризм агентлиги ўтган йиллар давомида 15 мингдан зиёд саёҳатчиларга хизмат кўрсатди. Вилоятимизда меҳнат қилаётган таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш каби соҳалар вакилларидан иборат саёҳатчиларни юртимизнинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент каби тарихий шаҳарларига  саёҳатларини уюштириб келади.

Туризм соҳаси нафақат тадбиркорлик балки катта маънавий тарғибот майдони, – дейди  агентлик директори Ҳамид Абдураҳимов. –  Чунки саёҳатга чиққан одамнинг дунёқараши бутунлай ўзгаради. Маънавият ва маданияти юксалади. Миллий ғурур туйғуси мустаҳкамланади. Жорий йилда агентлик маҳаллий саёҳатчилар учун 4 кунлик Тошкент-Самарканд, 6 кунлик Бухоро-Самарканд-Тошкент, 6 кунлик Тошкент-Урганч-Хива-Нукус, 1 кунлик Фарғона-Қўқон, Фарғона-Андижон, Фарғона-Наманган, 1 ва 2 кунлик Фарғона-Шоҳимардон йўналишларидаги саёҳат дастурларини таклиф қиляпмиз. Ушбу йўналишларда шу йилнинг ўзида 7500 нафар саёҳатчига туристик хизмат кўрсатишни режалаштирганмиз. Саёҳат дастурларида талаба ва ўқувчи ёшлар учун алоҳида чегирмалар жорий қилинган.

Эътиборли жиҳати шундаки, Фармон ва қарор доирасида туризм ривожига ҳисса қўшган тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилмоқда.  Жумладан, вилоятимиздаги асосий фаолият тури тематик хиёбонлар  хизматларини  ташкил қилган  юридик шахслар фойдаланишга топширган кундан бошлаб, 3 йил муддатга  юридик шахслардан олинадиган  фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк ва ягона солиқ тўловини тўлашдан  озод этилади. Уларни қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун  мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, туризм тоифасига оид транспорт воситалари, дор (осма) йўллар, тоғ-чанғи кўтаргичларлар  олиб кириш учун 2022 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловлари олинмайди. Қолаверса, Тикланиш ва тараққиёт  жамғармаси икки ой муддатда тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига меҳмонхоналар  ва туташ йўл, муҳандислик  ва коммуникация инфратузилмалари  объектлари  учун импорт ускуналар  ва технологияларни харид қилишга қаратилган битта инвестиция лойиҳаси учун 10 млн АҚШ долларидан ошмаслигини инобатга олган ҳолда кредит маблағлари ажратади.