Ёшлик ғурури ва шижоати

Шу йилнинг 19 март куни вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида ўтказилган ранг-баранг мавзудаги тадбирлар иштирокчиларга чинакам байрам кайфиятини туҳфа этди.

Байрам тадбирлари доирасида Фарғона шаҳри кўчалари бўйлаб ҳарбий парад ташкил этилди. Кичик ҳалқа йўлидан бошлаб Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройигача давом этган ҳарбий парад қатнашчилари гулдурос қарсаклар билан олқишланди.

Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вилоят батальони, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳарбий хизматчилари, қурол-аслаҳалари, замонавий техника воситаларининг саф тортиб ўтишини кенг жамоатчилик, нуронийлар ва маҳалла, Ёшлар иттифоқи фаоллари, талаба ва ўқувчилар, уюшмаган ёшлар вакиллари ўзгача ғурур билан кузатдилар.

Ҳарбий оркестр садолари остида шаҳдам қадамлар ташлаб бораётган Ватан ҳимоячилари, тинч ва мусаффо осмонимиз, фаровон ҳаётимиз посбонларининг мағрурлиги, ўктамлиги минг-минглаб қалбларга кўчиб, ота юртни авайлаб-асраш нақадар муқаддас бурч эканлигини англатди. Ўзбекистон байроғи ҳилпираб, эзгу мақсадлар йўлида халқ ва армия ўзаро якдил эканлигини намоён этди.

Айни кунларда Қуролли кучларимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, янгидан Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров. – Бундай тадбирлар эса ёшларни ҳарбий-ватанпарварликка ўргатиб, мардлик ва жасорат туйғуларини таврбиялайди.

Шунингдек, шу кунги тадбирлар доирасида Ёшлар марафони ҳам ўтказилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида уюштирилган югуриш мусобақасида вилоятимиздаги таълим муассасалари йигит-қизлари, уюшмаган ёшлар вакиллари фаол иштирок этди. Мусобақа ғолиблари Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг I, II, III-даражали дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирлар барча тенгдошларимизга олам-олам завқ улашди, – дейди Ёшлар марафонида I-даражали диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланган Файзулло Пўлатхўжаев ҳамда Зиёда Усмоновалар. – Аслида халқимизнинг эзгу фазилатларини намоён этувчи Наврўзи оламнинг энг улуғ фалсафаси ўзаро яхшилик ва дўстликни қадрлаш, соғлом ҳаётни тарғиб этишдан иборатдир. Шу маънода, бугунги мусобақада қатнашган барча ўғил-қизлар ғолиб ва уларнинг ёшликка хос ғайрат-шижоати таҳсинга сазовордир.

Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида сайил тарзида давом этган байрам тантаналарида Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти билан боғлиқ кўргазмали воситалар намойиш этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг ранг-баранг чиқишлари, жанговар машқлари йиғилганлар томонидан тинимсиз олқишланди. “Ўзбекконцерт” ижодий бирлашмаси хонандаларининг она юрт, тинчлик ва дўстлик, ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари шодон даврага янада файз бағишлади.

Байрам шукуҳи бутун шаҳар бўйлаб давом этди.