Одил судловга замонавий ёндашув

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси юртимиздаги кенг кўламли ҳаётбаҳш ислоҳотларга муҳим пойдевор бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Бош прокуратура, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Одил судлов ишини такомиллаштириш,  вақт ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланиш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 19-, 81-, 114-, 318-, 418-, 426-моддаларига муҳим қўшимчалар киритиш ҳамда янги 4421-моддаси билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.

Бу ўзгаришлар қандай? Унга нима зарурат туғилди?

Бугунги кунда мамлакатимиз жиноят процессуал қонунчилиги суд мажлисларини видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда кўриб чиқиш имконини назарда тутмайди. Амалдаги Жиноят процессуал кодекси қоидаларига кўра жиноят иши ишни кўраётган суд жойлашган суд мажлисида кўрилиши белгиланган. Мазкур тартиб бошқа ҳудудда яшаётган суд иштирокчилари учун маълум миқдорда моддий маблағ ҳамда вақт сарф қилинишини тақозо қилади.

Масалан, суд мажлисида гувоҳ сифатида иштирок этувчи шахс суд иши яшаш манзилидан 200 километр узоқдаги шаҳарда кўрилаётган бўлса, ўша шаҳарга бориш учун кўп миқдорда йўлкира сарфлайди, қимматли вақтини зоя кетказади. Баъзи ҳолларда уларнинг судга етиб боролмаганлиги сабабли суд ишлари бошқа кунга қолдирилиб, иш янада чўзилиб кетади.

Статистик ҳисоботларга кўра, 2015-2016 йиллар ва 2017 йилнинг 9 ойида жиноят ишлари бўйича судларнинг биринчи инстанциясида 164.766 та иш кўриб чиқилган.  Ушбу ишлардан 33.693 та ҳолатда (20,4 фоизи) шахсларнинг судга келмаганлиги сабабли ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилган. Натижада ишни кўриб чиқаётган суд жойлашган ҳудудга бошқа ҳудудлардан жами 64.632 нафар шахслар қатнашиш учун келган.

Шу даврда юқори инстанция судлари томонидан ҳам жами 29.560 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 3.056 та ҳолатда ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилган. Натижада ишни кўриб чиқаётган жиноят ишлари бўйича суд жойлашган ҳудудга бошқа ҳудудлардан жами 4.553 нафар шахслар қатнашга мажбур бўлганлар.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳам пухта ўрганилди. Ўрганиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, кўплаб ривожланган мамлакатларда суд ишларини юритишда видеоконференцалоқадан фойдаланилади. Хусусан, Австралия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Италия, Канада, Қозоғистон, Янги Зеландия, Украина, Россия Федерацияси, АҚШ ва Финляндия жиноят процессуал қонунчилигида озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган шахсларнинг гувоҳлик кўрсатувларини олиш ҳамда судда иштирокини таъминлаш мақсадида видеоконференцалоқадан фойдаланиш кенг йўлга қўйилганлиги маълум бўлди.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига таклиф этилаётган қўшимчалар суд жойлашган ҳудуддан ташқарида бўлган процесс иштирокчиларига ҳудуддан чиқмасдан суд жараёнида иштирок этиш, шунингдек, ушбу шахсларнинг вақти ва молиявий харажатларни камайтириш имконини беради.

Видеоконференцалоқа тизимининг жорий қилиниши эса суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга янада қулай шароитлар яратади, одил судловга эришишни таъминлайди. Бундан ташқари, видеоконференцалоқа тизими орқали судда иштирок этиш механизми жорий қилиниши натижасида ишлар тезкорлик билан кўриб чиқилишига эришилади.

Бир сўз билан айтганда, одил судлов соҳасига замонавий ахборот технологиялари жорий этилиб, видеоконференцалоқа тизимининг амалиётга татбиқ қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали таъминлаш, уларни масофавий тарзда қабул қилиш ҳамда суд жараёнларини кузатиб бориш имконини беради. Бу эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият даражасида эъзозланаётганидан далолат беради.