Таҳлил, таққос, таклиф

Вилоят тадбиркорлар марказининг катта мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ижтимоий соҳа раҳбарлари, шаҳар-туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, адлия бошқармаси, касаба уюшмаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Йиғилишни комиссия раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова очди ва олиб борди. У дастлаб комиссиянинг 2017 йилдаги фаолияти таҳлили ва 2018 йилда бажарилиши зарур бўлган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Таъкидлаб ўтилганидек, комиссия томонидан ўтган йилда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича қонунчилик тарғиботи, ННТларга грант маблағларини йўналтириш ва шу орқали жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари амалга оширилди. Афсуски, комиссия аъзоларининг айримларида интизомсизлик, лоқайдлик кузатилгани сабабли тадбирлар ижросида етарли самарага эришилмаганига танқидий баҳо берилди. Бу камчиликларни бартараф этишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар айтиб ўтилди. Хусусан, 2016-2017 йилларда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фонди томонидан молиялаштирилган грант лойиҳаларига эга ташкилотлар рўйхатини тузиш, лойиҳаларнинг бориши тўғрисида ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш, уларнинг жорий ҳолатини мониторинг қилиш, комиссиянинг медиа-режасини  амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони томонидан ишлаб чиқилган “Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, сиёсий ва гуманитар ривожлантиришда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси” юзасидан белгиланган топшириқлар ижроси тўғрисида ҳам муҳим фикрлар ўртага ташланди.

Мавзу юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Қамариддин Имомов сўзга чиқди.

Йиғилиш қатнашчилари комиссиянинг фаол ННТлар асосида тўлдирилган янги таркиби билан таништирилди. Вилоятнинг турли ҳудудларига бириктирилган корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари эълон қилиниб, уларга тегишли вазифалар юклатилди.

Йиғилишда вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Дониёр Қодиров, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Набижон Темировлар сўзга чиқди. Маърузаларда ижтимоий шериклик бўйича қонун ҳужжатлари, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ижро механизми ҳақида сўз борди.

Йиғилиш якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.