Боткент губернатори Фарғонада

Кўҳна ва қадимий байрамимиз ғоялари азал-азалдан  гина-қудратларни унутиб, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш билан муштаракдир.

Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда қўшни Қирғизистоннинг Боткент вилояти   губернатори Абиш Холмирзаев бошчилигидаги делегация  Фарғонага ташриф буюрди.

Фарғона вилояти билан қўшни Боткент вилоятининг Қадамжой, Қизилқия, Сулукта туманлари раҳбарлари иштирокидаги делегация учрашуви икки қўшни халқнинг байрамига айланди.

Дастлаб вилоят ҳокимлигида тантанали қабул маросими ташкил этилди.

Вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев меҳмонларни ташриф билан қутлаб, кейинги бир йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан халқни қийнаб келаётган бир қатор қийинчиликлар бартараф этилгани, дўстликни мустаҳкамлаш орқали икки томонлама манфаатли шартномалар амалга оширилаётгани, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик уфқлари кенгайиб бораётганини алоҳида эътироф этди.

Боткент вилояти губернатори Абиш Холмирзаев Фарғона вилояти билан азал-азалдан қўшничилик, дўстлик ришталари мустаҳкам эканлигини таъкидлади. “Бугунги ўтказилган яна бир хайрли тадбир эса икки халқ ўртасидаги қўшничилик ва яқинлик муносабатларини янада мустаҳкамлайди,” деди у.

Шундан сўнг Қирғизистон делегацияси аъзолари учун Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари, саноат, экспорт, туризм салоҳиятлари ҳақидаги тақдимотлар ўтказилди.

Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти

Фарғона вилоятда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 2011 йилда 1,68 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2016 йилда 2,15 миллиард АҚШ долларини, 2017 йилда 2,24 АҚШ долларини ташкил этиб, 2011 йилда 3%, 2016 йилда 3,8%, 2017 йилда 4,0 % ни ташкил этди.

Чет эл инвестициялари суммаси 2011 йилда 50,3, 2016 йилда 88,2, 2017 йилда 110,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, чет эл инвесторлари сони шу йилларда 112, 176, 202 тага кўпайди.

Вилоятни умумий экспорт хажмини мамлакатлар миқёсида кўрганимизда Россияга 52%, Қозоғистонга 22%, Қиризистонга  9%, Азарбейжонга 5%, Хиндистонга 4% ташкил этади.

Вилоятдаги 40 дан ортиқ Daewoo Textile, Indorama, каби корхоналар 100 фоиз чет эл корхонаси сифатида фаолият юритмоқда. Бу корхоналарда жами 4620 та иш ўрни яратилди.

Вилоятимиздаги Uzsungwoo, Tapo Disc, etc. каби 202 та корхона қўшма корхона сифатида фаолият юритиб, 8303 та иш ўрнини яратди.  2018 йилда яна 30 та шундай корхоналар ташкил этилиши бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Асосий инвесторлар жанубий корея, Россия, Хитой, Туркия, Германия ва АҚШ ҳисобланади.

Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 2,10 миллион тонна маҳсулот етиштириб, мамлакатддаги энг юқори кўрсаткични эгаллаб турибди.

Шундан:

сабзавотлар 921,3 минг тонна;

картошка 336,0 минг тонна;

полиз маҳсулотлар  116,2 минг тонна;

мевалар 497,3 минг тонна;

узум 135,6 минг тонна.

Вилоятда 31 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар мавжуд бўлиб, унинг қайта ишлаш қуввати 130 минг тоннани ташкил этади.

Фарғона вилояти ва Қирғизистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар

Қирғизистон билан фаолият юритаётган қўшма корхоналар.

Қирғизистон билан 10 дан ортиқ корхоналар қўшма корхона сифатида фаолият юритиб, уларда:

Қурилиш материаллари;

Озиқ-овқат маҳсулотлари;

Тери ва пойафзал маҳсулотлари;

Пластмасса ва шиша буюмлар;

Пайпоқ ва қатор тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Ушбу маҳсулотлар жаҳон андозаларига мос бўлиб, хорижга экспорт қилинмоқда.

Фарғона вилояти билан Қирғизистон ўртасидаги товар айрбошлаш, 51,5 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Шундан импорт миқдори 2016 йилда 4,3 миллион АҚШ доллари, 2017 йилда эса, 9,4 миллион АҚШ долларини ташкид этди.

Экспорт миқдори 2016 йилда 16,8 миллион АҚШ долларини ташкил эгиб, 2017 йилда 42,1 миллион долларни ташкил этиб, 250,5 фоизга ўсди.

Тақдимотдан сўнг тантанада вилоят хокими Шуҳрат Ғаниев Боткент вилояти губернатори Абиш Холмирзаев  ва делегация аъзоларига  икки биродарлашган вилоят  – Фарғона ва Боткен  аҳолисининг  дўстлиги рамзи тариқасида  байрам совғаларини топширди.

Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида ташкил этилган кўргазма асносида ўтказилган мулоқотлар ҳам чинакам дўстлик шодиёнасининг давоми бўлди.

Бу ерда вилоятимиздаги қатор корхона ва кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган, ҳунармандлар тайёрлаётган маҳсулотлар, инновацион ғояларга асосланган  ишланмалар  намойиш этилди.

Айниқса, “Фарғонаазот”, “Кварц” акциядорлик жамиятлари, “Сайқал”, “Фар антиквор инвест”, “Аброр” каби хусусий корхоналарнинг халқаро талаблар даражасидаги сифатли маҳсулотлари делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Шу ўринда айтиш ўринлики, бу маҳсулотларнинг аксарияти бу қўшни давлатга экспорт ҳам қилинмоқда.

Туризм бўйича Фарғона вилояти билан ҳамкорлик ҳам самарали бўлади, – дейди  Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти губернатори Абиш Холмирзаев. – Мана, кунлар исиди, Ўзбекистонга  туристларни олиб бориш, Қирғизистонга ҳам  туристларни олиб келиш фурсати келди. Шунинг учун ҳам «икки халқни бир-бирларига яқинлаштирамиз» деган ният билан  вилоятингиз ҳокими билан  учрашяпмиз. Ҳамкорлик ҳар икки қардош халқ учун фақат яхши натижаларни келтиради.

Тадбиркорлар марказида савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маҳсулотлар экспортини амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мартабали мехмонлар Фарғона шаҳридаги диққатга сазовор масканлар,  жумладан,  Ислом Каримов номидаги вилоят Театр ва концерт саройида бўлдилар.

Делегация аъзолари Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номли мусиқали драмат театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Навоий ва Ҳусайн Бойқаро” спектаклидан лавҳаларни томоша қилдилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон халқ артисти Ёрқиной Ҳотамова билан бўлиб ўтган суҳбат ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, қирғизистонликлар фарғоналикларнинг фахрига айланган “Истиқлол”   стадиони,  Сув спорти  мажмуаси, “Ҳайвонот боғи”га бордилар.

Фарғона шаҳридаги фермер хўжаликларида бўлган меҳмонлар кўп тармоқли хўжаликларда яратилган қўшимча йўналишлар билан қизиқдилар. Балиқчилик, боғдорчилик, сабзавотчилик соҳасидаги янги лойиҳалар илмий изланишлар самараси сифатида рўйбга чиқаётганлиги ва бу хўжаликлар учун даромад манбаига айланаётганлигини кўриб, гувоҳи бўлдилар.

Вилоят марказидаги “UzSungwoo” қўшма корхонасида эса улар мамлакатимиз автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар таёрлаш жараёни ҳамда янги лойиҳалар билан танишдилар.

Ўрта Осиё  халқлари, жумладан, ўзбек, қирғиз ва тожик халқлари ҳамиша, ҳар замонларда дўст ва иноқ  бўлиб, аҳилликда  яшаб келганлар ва эндиликда Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатлари давлат раҳбарлари ташаббуси билан дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланаётгани   Фарғона  вилоятидаги қирғиз миллатига мансуб ватандошларимизни ҳам беҳад хурсанд этмоқда.

Фарғона ва Боткент вилоятлари аҳолисининг орзу-умидлари муштараклигида барча соҳалардаги навбатдаги марраларни, янги ҳамкорлик ришталарини кўриш мумкин. Бу борада самарали қадамларнинг қўйилганлиги яна такрор айтиш мумкинки, икки давлат халқини фақат қувонтирди.