Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси тайинланди

Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, вилоят, шаҳар-туман судлари раислари ва судялари, бошқарма, ташкилот, муассаса раҳбарлари ва бошқалар иштирок этди.

Йиғилишни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.

Унда ташкилий масала кўрилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши раиси Маъруфжон Усмонов сўзга чиқди.

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Суднинг тарбиявий ролини кучайтириш, унинг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилди. Суд ишларини сайёр тартибда кўриш амалиёти кенгайтирилди. Қолаверса, оқлов ҳукмларининг чиқарилиши юртдошларимизда қонунга ҳурмат руҳини юксалтирмоқда. Бу жараёнда ўз навбатида кадрлар тайёрлаш масаласи муҳим вазифалардан саналади. Зеро, суд залида инсон тақдири ҳал этилади.

Судьялар Олий Кенгаши раиси ана шу жиҳатларни эътироф этиб, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси лавозимига номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти билан йиғилганларни таништирди. Шу кунга қадар мазкур суд раиси вазифасини бажариб келаётган Абдуҳалим Аҳмедовнинг бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан, бу лавозимга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси сифатида ишлаб келаётган Ихтиёр Қосимов тайинланди.

Ихтиёр Қосимов ўзининг етук тажрибаси ва масъулияти билан бир қатор натижаларга эришгани, айниқса, оила, уй-жой, мерос, меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда адолатли ҳукм чиқаргани алоҳида тилга олинди. Жумладан, Бешариқ туманининг Рапқон қишлоғидаги оилалардан бирида 20 йилдан буён ечимини топмаган низонинг ҳал этилишида ҳам И.Қосимовнинг ўз касбига сидқидилдан ёндоша оладиган кадр эканлиги таъкидланди.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Шавкатжон Эрматов, Раънохон Бойқўзиева, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров, вилоят маъмурий суди раиси Абдурасул Эрановлар ҳам суд раислигига номзодни қўллаб-қувватлаб, келгусида ҳамкорликда ишлашга чақирдилар.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасига тайинланган Ихтиёр Қосимов билдирилган ишончни оқлашга, амалдаги қонун ҳужжатларига, судялик қасамёди ва одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишга,  фуқаролар билан очиқ ва ҳаққоний мулоқот олиб боришга ваъда берди.