Нодавлат нотижорат ташкилотлар

Фарғона шаҳридаги “Азия” меҳмонхонаси мажлислар залида  Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, USAID нинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқи ислоҳоти бўйича дастури ҳамкорлигида бўлиб ўтган мазкур тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бошқармаси бошлиғи Асқар Маматхонов янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрлари ўрганилиши катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

“Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти директори Сайёра Ходжаева ННТлар фаолиятининг асосий кафолатлари, уларнинг ахборот олиш, интеллектуал, мулкий ҳуқуқлари борасидаги қонунга киритилаётган янги моддалар ва қўшимчаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

ННТларни рўйхатга олиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, уларнинг иқтисодий фаолияти асослари бўйича ва бошқа киритилаётган ўзгартиришлар нодавлат нотижорат ташкилотларига қулайлик ва имкониялар яратилишига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Муҳокама давомида ННТлар вакиллари томонидан қонун лойиҳасига тавсия, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.