Мактаб таълими ислоҳотлари

Қува туманидаги хорижий ва аниқ фанларни ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернатида математика, она тили ва адабиёти, инглиз тили фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.

Айни пайтда 5-8 синфларда 370 нафар ўқувчи таҳсил олаётган билим даргоҳида 29 нафар малакали фан ўқитувчиси, 50 нафар тарбиячи келажагимиз ворислари таълим-тарбияси билан машғул. Ўтган йили фаолият бошлаган таълим муассасасидаги 360 ўринли ётоқхона ҳамда 180 ўринли ошхона, санитария-гигиена тармоқлари мукаммал таъмирдан чиқарилиб, иссиқ сув, ҳаммом, кийим-кечак тозалаш хоналарида барча шароитлар яратилди. Ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди ва яшил арчазорлар, гулзорлар ташкил этилди.

Мактаб-интернатнинг ахборот-ресурс маркази қарийб 7 мингта китоб фондига эга бўлиб, унинг 3 мингдан зиёди бадиий адабиётлар сирасига киради. Ҳозирги кунда муассасада соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида спорт майдончалари, китоб мутолааси, маънавият ва маърифат бурчаклари барпо этилмоқда.