Иқтисодиётимиз ривожи учун

Ҳудудий экспорт ҳажмларини ошириш, унинг географиясини кенгайтириш, бу фаолиятга янги корхоналарни жалб қилиш, маҳсулотлар турларини кўпайтириш бўйича имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш устида тизимли иш ташкил этиш давр талабига айланди.

Жорий йилда вилоятимиздаги ҳудудий экспортёр корхоналар томонидан жами 267,3 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши қайд этилган. Шундан 16,9 миллион долларини саноат,  250,4 миллион долларини (312,9 минг тонна) мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ташкил этади. 1-ярим йиллик режа эса 127,6 миллион долларлик бўлиб,  7,5 миллион долларлик саноат, 120,1 миллион долларлик (150,2 минг тонна) мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилиши кўзда тутилган эди.

Хўш, белгиланган режа қай даражада уддаланди? Экспорт прогноз режаларини бажариш юзасидан вилоятимизда аниқ чоралар кўрилди ва ҳисоб-китоб қилинди. Натижада кўзда тутилган экспорт ҳажми 101,5 фоизга бажарилди. 117,8 миллион долларлик мева-сабзавот, 11,6 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорти ташкил этилди.

Вилоятда рўйхатдан ўтган ҳудудий экспортёр корхоналар томонидан амалга оширилган экспорт операциялари бўйича 1-ярим йилликда 52,2 миллион доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган.

Мавжуд 4,3 минг гектар гилос, 7,0 минг гектар ўрик ва  4,3 минг гектар шафтоли боғларидан кутилган экспортбоп 69,1 минг тонна ёки 98,5 миллион долларлик маҳсулотни экспортга чиқариш йўлга қўйилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб бериш мақсадида вилоятдаги мавжуд ана шундай мевали боғларга зарар етказувчи карантин зараркунандаларига қарши кураш тизими фаолият олиб борди.

Шуниси диққатга сазоворки, 2019 йилда 116,5 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар ташкил этилиб, етиштирилган маҳсулотларнинг камида 70 фоизини экспортга чиқарилишига эришилди.

Энг асосийси, Фарғона шаҳри, Олтиариқ ва Қува туманларида халқаро талаблар андозаларига кўра экспортга йўналтириладиган  қишлоқ хўжалик маҳсулотларини фумигация қилиш учун зарарсизлантириш камералари ўрнатилди.

Вилоятдаги мева-сабзавотчиликка ихтисослашган ­Олтиариқ, Фарғона, Бешариқ, Учкўприк, Қува туманлари ва Қувасой шаҳрида жорий йил давомида 38,8 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш белгиланганди. 2019 йилнинг беш ой давомида эса 49,5 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилганлигини таъкидлаш ўринлидир.