Биринчи давра сабоқлари

Ўзбекистон футболининг суперлигасида биринчи давра ўйинлари якунланди. Илгари бу лигада вилоят шарафини иккита жамоа ҳимоя қиларди.

Бу йилги мавсумда ушбу вазифа “Қўқон-1912” зиммасида қолди. Қўқонликлар мавсумни яхши бошлаган бўлсалар ҳам ўз имкониятларидан фойдаланишда сусткашликка йўл қўйдилар. Шу боис сафардагина эмас, ўз майдонларида ўтказилган учрашувларда ҳам кутилган натижаларга эриша олмадилар.

Биринчи даврада бўлиб ўтган 13 та беллашувда фақат битта ғалаба, 5 та дуранг ва 7 таси мағлубият, фақат 8 очко жамғарилиб, жамоа турнир жадвалида охирги ўринга тушиб қолганлиги бунга яққол далилдир.

– Шаҳримиздаги стадионимизда таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилганлиги учун мавсумнинг дастлабки  учрашувларини Фарғона, Тошкент ва бошқа шаҳарлар ўйингоҳларида ўтказишга миажбур бўлдик, –дейди жамоа бошлиғи Бахтиёр Толипов. – Турли сабабларга кўра, таниқли футболчиларнинг бошқа жамоаларга ўтиб кетишлари, шартнома асосида хорижий мамлакатлардан жалб этилган ўйинчилар ишончни оқламаганликлари, жамоада уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик етишмаганлиги боис, кўп учрашувлар бой берилди. Раҳбарият аҳволни  ўнглаш учун ташкилий чора-тадбирлар кўришга мажбур бўлди. Бош мураббий Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқарилди. Хориждан келган легионерлар билан тузилган шартномалар ҳам бекор қилинди. Бош мураббий вазифасини бажариш шу ерда вояга етган ва тажриба тўплаган Азиз Тўхтабоевга топширилди.

Янги мураббий иш бошлагач, аҳвол яхши томонга ўзгара бошлади. Сафарда ўтказилган мураккаб баҳсларда ҳам дурангга эришилди. Қўқонлик мухлислар биринчи давранинг охирги учрашувига катта умид боғлаган эдилар. Бу галги меҳмон Ўзбекистоннинг энг довруғли, турнир жадвалида якка пешқадамлик қилаётган “Пахтакор” жамоаси бўлса ҳам “Қўқон-1912” лига кубоги учун Тошкентда ўтказилган беллашувда уни йирик ҳисобда мағлубиятга учратган эди. Ишқибозлар ўша ғолибона руҳ Қўқонда ҳам давом этади, деб умид қилган эдилар. В.Агишев ҳакамлик қилган бу учрашувда Ш.Эркинов киритган гол 78-дақиқагача майдон эгаларига ғалаба руҳини бағишлаб турди. Бироқ, пешқадам жамоа мағлубиятдан чиқиб кетиш учун янги куч ва имкониятларини ишга солди. 15 дақиқа ичида қўқонликлар дарвозасига 2 та тўп киритиб, ғалабани илиб кетди.

Жамоада ўз маҳоратини, футболга бўлган меҳр-ихлосини намойиш этиб, нафақат шаҳар, вилоят ва мамлакат футбол ишқибозларида ҳам ишонч уйғотаётган футболчилар бор. Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилган Қувондиқ Рўзиев шулар жумласидандир. У жамоа сардори Мурод Холмуҳаммедов, Шаҳбоз Эркинов, ҳозирда бошқа жамоаларда тўп сураётган Жавоҳир Сиддиқов, Носир Отақўзиев каби тенгдошлари билан яхши ансамбль ташкил этиб, жамоаси шарафини юксак даражага кўтаришга қудрати етадиган футболчидир. Афсуски, ҳозирча унинг ниятлари амалга ошмаётир. Биринчи давра сабоқлари “Қўқон-1912” жамоасида бундай имкониятлар кўп эканлиги, бош мураббий ва мутахассислар жамоада техник маҳорат ва ҳамжиҳатликни ошириш ҳисобига хавфли зонадан чиқиб кетиш, миллий футбол Ватанига муносиб бўлиш имкониятларини ишга солишлари лозимлигини кўрсатмоқда. Буни кечагина бўлиб ўтган ва 4:0 ҳисобида якунланган “Қўқон-1912” –“Локомотив” лига кубоги учрашуви ҳам яққол исботлади.

                                                                             Дониёр ЭРГАШЕВ.