Фарғона қоғози

Айни кунларда Фарғона вилоятида хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда, янги лойиҳаларни ишга тушириш борасида амалий ишлар олиб бориляпти. Хусусан, хитойлик ишбилармонлар билан ҳам иқтисодий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда.

Ҳозир вилоятда Хитой Халқ Республикаси сармояси иштирокида 60 дан ортиқ қўшма ва хорижий корхона фаолият кўрсатиб, янги лойиҳалар ишга туширилмоқда.

Фарғона шаҳрида саноат йўналишидаги яна бир ишлаб чиқариш   корхонаси қурилишига киришилди. Бугунги кунга қадар  мамлакатимиз учун янгилик саналган тошдан қоғоз тайёрлайдиган  Ўзбекистон  ­– Хитой қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш бинолари қуриб битказилди. Фаолиятни йўлга қўйиш учун хитойлик ҳамкорлар билан қиймати 7 миллион долларга тенг лойиҳа  тайёрланди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, сифатли тошқоғоз маҳсулотларига талаб бутун дунёда ортиб бормоқда. Сабаби унда экологияга ҳеч қандай зарар етмайди, балки оддий тош ёки кальцийдан фойдаланилади.

Фарғона шаҳрида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш “FERGANA STONE  PAPER COMPANY” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасининг таъсис шартномаларини имзолаш маросими  ўтказилди.

Унда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов янги корхонанинг илк қадами билан барчани қутлаб, делегация аъзолари  ва қўшма корхона раҳбариятига вилоят ҳокимлиги номидан миннатдорчилик билдирди.

Хорижлик ишбилармонлар ва корхона мутасаддилари тошдан қоғоз тайёрловчи мазкур корхона фаолияти йўлга қўйилгач, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши баробарида бундай сифатли маҳсулотлар харидоргир эканлиги билан ажралиб туришини таъкидладилар.

“Сайқал” савдо-ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Абдураҳмон Ниёзов лойиҳани амалга ошириш учун бор куч ва имкониятлар ишга солинишини таъкидлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов тошдан қоғоз тайёрлаш энди Фарғонада давом этиши ҳаммада фахр уйғотишини қайд этиб ўтди.

Шундан сўнг ОАВ вакилларига қўшма корхона маҳсулоти ҳақида маълумотлар берилди. Бундай ноёб қоғоз ишлаб чиқариш учун зарур бўлган  асосий  хом-ашёлар ­– оҳактош, полипропилен ва полиэтилен маҳсулотлари  мамлакатимизда мавжуд бўлиб, ишлаб чиқариш  юз фоиз маҳаллий ашёларга асосланиши муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда тошқоғоз намуналари кўргазмаси ташкил этилди, бу каби қоғозларни тайёрлашга оид лавҳалар намойиш қилинди.

Тошқоғоз – табиий тоза маҳсулот, – дейди қўшма корхона бош директори Абдураҳмон Ниёзов. У экологик жиҳатдан яхши, нисбатан арзон, ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиши билан аҳамиятли.

Янги қўшма корхонада инновацион ғояларни татбиқ этган ҳолда бир йилда 9 минг тоннагача бўлган ҳажмда тошқоғоз  тайёрланади. Тошқоғоз ишлаб чиқариш саноатининг йўлга қўйилиши, энг аввало экологик муаммоларни бартараф қилиб, Фарғонанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиради.