35 та янги иш ўрни яратилади

Бағдод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида “Бағдод мебель корхонаси” МЧЖда аҳолига сифатли ва арзон мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Германия ва Австриядан замонавий технологияларни олиб келиб ўрнатиш учун буюртма берилган бўлиб, бу маҳсулот таннархини камайтириш ҳамда сифатини ошириш имконини беради. Лойиҳа қиймати 2 миллиард сўмни ташкил этади ва унинг амалга оширилиши ҳисобига корхонада қўшимча 35 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Корхонамиз асосан таълим ва тиббиёт тармоқлари ҳамда маҳаллий ҳокимлик идоралари учун кенг ассортиментдаги маҳсулотлар етказиб беришга ихтисослашган,-дейди “Бағдод мебель корхонаси” МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Деҳқонов. – Айни кунларда жаҳон бозоридаги талаб ва эҳтиёжни ўрганиб, экспортни йўлга қўйиш бўйича истиқболли бизнес-режа ишлаб чиқилмоқда.