Меҳнат орзуларни рўёбга чиқаради

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бозор иқтисодиёти шароитида ҳамма бир-бирига рақобатчи, деган ибора анчадан буён машҳур. Бугун тинч ва фаровон яшаётган халқлар тинимсиз меҳнат орқали орзуларинг рўёбга чиқади, танбал ва айёр бўлсанг, орзуларингни тушингда кўрасан, деган ҳаётий ақидага қатъий амал қилишлари ҳам барчамизга яхши маълум.

Яқин-яқингача ҳам айнан томорқадан фойдаланиш борасида Фарғона тумани вилоятимизнинг оғир туманларидан бири ҳисоблангани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббуслар туфайли бугун туманда вазият ижобий томонга ўзгарди. Ҳозирда миришкор томорқачилар гулчилик, сабзавотчилик, қўзиқорин етиштириш, мевали боғлардан яхши даромад олиш сингари тармоқларда қувонарли ютуқларга эришяпти. Дарвоқе, малина туман томорқачиларининг ўзига хос ташриф қоғози, бренди сифатида эътироф этилиши айни ҳақиқатдир.

“Фарғона ҳақиқати” газетаси ижодий жамоаси ҳамда Фарғона тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида лойиҳа доирасида Дилкушо МФЙ, Паҳлавонлар кўчасида истиқомат қилувчи Шамшиддин Султоновлар хонадонида бўлиб ўтган семинарда миришкор томорқачиларнинг ана шу каби ютуқлари таъкидланди.

Семинарда туман ҳокими ўринбосарлари Ҳамидахон Абдуғаниева, Илҳомжон Тошпўлатов, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, бандликка кўмаклашиш маркази, тижорат банклари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа ер эгалари Кенгаши, туманнинг катта ҳурматга сазовор нуронийлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари бу борада амалга оширилаётган ишлар, камчилик ва муаммолар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Эминжон Қулфиддиновнинг эътироф этишича, айни пайтда 44 минг хонадон эгалари тасарруфида 1 минг 331 гектар томорқа, 150 гектар малиназор ҳамда 250 гектарга яқин мевали дарахтлар ери бор. Тумандаги 4 та секторда “Томорқа хизмати” МЧЖлари самарали фаолият кўрсатиши таъминланяпти.

Президентимизнинг жорий йил 6-7 май кунлари вилоятимизга амалга оширилган ташрифлари доирасида туманда 150 гектар ерда малиназор барпо этиш белгиланган бўлиб, жорий йилда унинг 60 гектари ташкил этиляпти. Шу мақсадда Украина тажрибаси ўрганилиб, серҳосил навларни маҳаллийлаштириш, ҳосил салмоғини ошириш, қайта ишлаш каби бир қатор йўналишларда изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Яқинда вилоятимиз делегацияси Украинада бўлиб малина етиштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувларга эришди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастуридан кўзланган мақсадга Шамшиддин Султоновлар оиласи миришкорлиги яққол мисолдир. Ўн нафар оила аъзолари томорқадаги иссиқхонада помидор-бодринг, лимон, шу билан бирга малина, гилос, ўрик, шафтоли, ҳурмо, олма, беҳи, узум, анор етиштириш орқали йилига ўртача 100 миллион сўм даромадга эга бўлмоқда. Ички туризмни ривожлантириш мақсадида уй-меҳмонхона, умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилган. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўламини тобора кенгайтираётган файзли хонадон соҳиби бир гектар ерда иссиқхона барпо этди, 300 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхонани қуриб битказди, Россияга помидор экспорт қилишни йўлга қўйди. Шу кунларда эса малинани қайта ишлаш цехини ишга тушириш тараддудида. Ҳозирча қўшимча 20 та иш ўрни яратган Шамшиддин Султонов янги бинес-лойиҳаларни рўёбга чиқариш орқали иш ўринлари сонини 50 тадан оширишни режалаштирмоқда.

– Ҳақиқатдан ҳам туманимизда малина етиштиришни дунёнинг энг илғор тажрибалари ва илм-фан ютуклари асосида ривожлантириш оилалар фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Дилкушо МФЙ Марғилон кўчаси, 326-уйда яшовчи Санобар Абдусаломова. – Тўрт нафар оила аъзоларимиз билан июнь ойидан – декабрь ойига қадар малина сотиш орқали 20-25 миллион сўм даромадга эга бўламиз. Томорқадаги узум, қорамол оиламизнинг қўшимча даромади ҳисобланади. Шамшиддин Султоновлар оиласининг меҳнаткашлиги, миришкорлиги, тиниб-тинчимаслиги барчамига ибрат бўлиши керак.

Семинарда хонадон соҳиби Шамшиддин Султонов ва яна ўнлаб томорқа эгалари меҳнат дафтарчаси очиш ниятида эканлиги, лекин ортиқча расмиятчилик ва оворагарчилик ҳамда тушунмовчиликлар қийинчиликка сабаб бўлаётганини маълум қилишди. Шу жойнинг ўзида туман ҳокимлиги, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, бандликка кўмаклашиш маркази, тижорат банклари мутасаддилари ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши аъзолари иштирокида муаммоларни бартараф этиш бўйича келишиб олинди.

Туманда 73 та МФЙ бўлиб, жорий йилнинг биринчи ярмида бевосита томорқада норасмий секторда банд бўлган 125 нафар аҳоли вакиллари учун иш ўрни яратилиб, расмий секторга ўтказилди. Шу даврда 140 нафар томорқа эгалари учун меҳнат дафтарчаси очилишига эришилди. Туман миқёсида олиб қараганда, ушбу натижа қониқарли эмас, рақамлар жуда кам. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Майрамхон Собированинг қайд этишича, ҳозирги кунда турли мутасадди идоралар вакилларидан иборат 16 та ишчи гуруҳи фаолияти шакллантирилиб, туманнинг барча ҳудудларида тушунтириш-тарғибот ишлари амалга ошириляпти.

Томорқада даромад манбаига эга бўлиш борасида юздан ортиқ йўналишлар бўйича бизнес-режа ишлаб чиқиш, тавсиялар ва йўл-йўриқлар бериб боришда амалий ёрдамга тайёрмиз, – деди “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири, лойиҳа раҳбари А.Тешабоев. – Томорқада банд аҳоли ўртасида ҳар бир маҳаллада ойига 3 тадан янги иш ўрни яратилса ойига 200 та бўлади. Бу амалга ошириш қийин бўлган юмуш эмас. Бунинг учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак кифоя.

Семинар қатнашчилари учун Шамшиддин Султонов томонидан томорқадан унумли фойдаланиш борасида маҳорат дарси ўтказилди. Мутасадди идоралар масъул ходимлари ва шахсий томорқа эгалари ўртасида мавзу юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди.