Мурожаатим ижобий ҳал бўлди

Шу йилнинг 2 июл куни вилоят ҳокими, Ўзбдекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 1-сектор раҳбари Шуҳрат Ғаниев томонидан Бувайда туманидаги Ёшлар боғида оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Мазкур сайёр қабул Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 13 июндаги 07-2083-сонли топшириқ хатига асосан ҳудудларда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни янада кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни бевосита жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилди.

Унда Қўқон шаҳри, Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Бувайда, Учкўприк ва қўшни туманлардан келган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Қабул жараёнида вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, прокуратура, ИИБ ва суд органлари ҳамда юқоридаги шаҳар, туманлар ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

Қабулда 82 нафар фуқаро қатнашди. Улардан бевосита вилоят ҳокимига 47 та мурожаат келиб тушди. Қабул жараёнида жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг 11 та уй-жойларини таъмирлаш, 5 та ишга жойлашиш, 4 та банк кредити ажратишдаги муаммолар, 6 та моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа  масалаларда мурожаатлари кўриб чиқилди.

Қабул натижалари бўйича 11 нафар мурожаатчининг масаласи жойида ижобий ҳал этилди. 5 нафар мурожаатчига тушунтириш берилди. 32 та мурожаат амалдаги қонунларга кўра ўрганиб чиқиш учун қабулда иштирок этган вилоят бошқарма, ташкилотлари раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман ҳокимларига топшириқлар берилди.

Жумладан, Қўштепа туманидаги Сойбўйи МФЙ, Арчазор кўчаси 150-уйда яшовчи Тўтихон Раҳматованинг турмуш ўртоғи билан Ҳаж сафарига боришга ва Учкўприк туманидаги Истиқлол кўчасида яшовчи Наргиза Исроилованинг уйини таъмирлашда амалий ёрдам бериш, Риштон туманидаги Минор МФЙда яшовчи Дилдора Воҳидованинг бузилган савдо дўкони учун жой ажратиш, Бувайда туманидаги Қўрғонча МФЙ, 1-Қўрғонча қишлоғида яшовчи Расулжон Исақов, Бувайда туманидаги Янгиқадам қишлоғи, Мустақиллик кўчасида яшовчи Нодирахон Қўшоқова, Риштон туманидаги Амиробод қишлоғи, Полвонобод МФЙ, Наврўз маҳалласи 7-уйда яшовчи Маруфжон Абдуманнобовларнинг иш билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатларини ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

3 нафар фарзандим бор. – деди Учкўприк туманидаги Холхўжа қишлоғида яшовчи Мамлакат Бозорова. – Турмуш ўртоғим Сарваржон 7 йилдан буён оғир касал – жигар церрозига чалинган. Топганимиз уни даволатишга кетяпти. Вилоятимиз ҳокими Шуҳрат Мадаминовичга шу масалада моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиб келдим. Турмуш ўртоғимни вилоят шифохонасида даволанишлари учун ордер ёзиб бериладиган бўлди. Муаммоли масалам ҳал бўлди. Бунинг учун вилоятимиз ҳокимидан беҳад миннатдорман.

– Турмуш ўртоғим Эркинжон уста, — деди Учкўприк туманидаги Баҳрин қишлоғида яшовчи Насибахон Арақулова.- Иш пайтида фалокат туфайли тепадан тушиб кетиб, оёғи синган. Шундай бўлса ҳам ишлаяпти. Лекин фақат эримнинг топгани рўзғорга етмаяпти. Оиламиз катта, 4 нафар фарзандим бор. 2 нафар қизим турмушга чиққан. Катта ўғлимнинг хотини вафот этган. 2 нафар фарзанди ҳам бизнинг қарамоғимизда.

Оилавий шароитимиз ҳақиқатан ҳам оғир. Кам таъминланганлар рўйхатида турамиз. Шу масалаларда амалий ёрдам сўраб вилоятимиз ҳокимига муражаат қилдим, сўзимни бўлмай тинглашди, ёрдам берадиган бўлишди. Минг раҳмат.

Вилоят ҳокимининг оммавий сайёр қабули жараёнида китоб ярмаркаси ташкил этилган. Бундай тадбирлар фуқароларнинг розилигини олиш ва аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.