Фарғонада “Истеъмолчи кутубхонаси” қурилади

Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббуси бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар барча ҳудудларда ўз самарасини бермоқда. Хусусан, китоб мутолааси бўйича амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовордир.

Вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида бўлгани каби Фарғона шаҳрида ҳам “Истеъмолчи кутубхонаси” қурилиши бошланди. Кутубхона пойдеворини яратиш жараёнида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ва жамият вакиллари иштирок этди.

Федерация раиси ва нуронийлар китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш бугун устувор вазифалар қаторига киришини, бу айниқса, ёшларнинг баркамол улғайишида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтдилар.

Қурилажак кутубхона келгусида юртдошларимизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга ҳам замин яратади. Унда албатта, ҳуқуқий нашрлар билан бир қаторда энг сара адабиётлар ҳам жамланади.

– Одам моддий етишмовчиликка кўникиши, уни сабр-бардош билан енгиб ўтиши мумкин. Аммо маънавий қашшоқлик муқаррар таназзулга олиб келади. Демак буюк келажакни қурмоқчи бўлган авлод китобхонликни асосий машғулотга айлантирмоғи даркор, – дейди Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Н.Тошканов. – “Истеъмолчи кутубхонаси” бу борада истеъмолчиларимиз, умуман, кенг аҳоли вакиллари учун зиё маскани бўлишига ишонаман.