Қайта тикланувчи энергия манбалари

Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни энергия ва қайта тикланувчи манбалар қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ресурслар, ишлаб чиқариладиган энергия ва қурилмаларнинг давлат ҳисоби, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимини белгилайди.

Давлат соҳа ривожини, хусусан, имтиёз ва преференциялар билан қўллаб-қувватлайди. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга озод этилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 5 йил муддатга солиқнинг барча турларини тўламайди. Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан 3 йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.

Фойдаланилиши энергия самарадорлигини салмоқли тарзда оширадиган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини импорт қилиш чоғида юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ҳамда божхона божларига доир имтиёзлар берилиши мумкин.

Электр, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Масалан, учала ҳолатда рухсат берувчи ҳужжатларни олиш талаб этилмайди. Муқобил электр энергия ишлаб чиқарувчилар блок-станциялар шартлари асосида, шунингдек танлов асосида ягона электр энергетикаси тизимига уланиши мумкин. Иссиқлик энергияси ва биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчиларга қурилмаларини ҳудудий ва магистрал иссиқлик тармоқларига улаш тақиқланади. Локал тармоқларни барпо этиш ва қурилмаларни уларга улаш ишлаб чиқарувчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, истеъмолчилар шартнома шартлари асосида локал тармоққа уланадилар.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясига доир тарифлар танлов савдолари асосида белгиланади. Якуний истеъмолчилар учун уларни шакллантиришда барча ишлаб чиқариш манбаларидан, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергиясини харид қилиш бўйича барча харажатлар ҳисобга олинади.

“Ўзэнергоинспекция” Фарғона худудий бўлими томонидан Риштон тумани Қози-Ахрор МФЙдаги 6-сонли кўп қаватли ўйнинг кириш йўлакларини ёритиш мақсадида қуёш панели ўрнатилди. Қуёш панели туфайли кўп қаватли уйнинг кириш йўлаклари тунда узлуксиз ёритилиб турибди. Тўртта кириш йўлакларининг ҳар бирига муқаддам ўрнатилган 100 Втт ли электр ёриткичларига сарф бўлаётган электр энергияси тежаб қолинмоқда. Ҳар куни ушбу ёриткичлар 8 соатдан ишлаши ҳисобига,  бир ойда 96 кВт*соат, бир йилда эса 1152 кВт*соат миқдоридаги электр энергияси ёки 288000 сўм маблағ тежалишига эришилади.

Акмалжон ҲОМИДОВ,

“Ўзэнергоинспекция” Фарғона худудий

бўлими инспектори.