Халқаро ҳунармандчилик

Қўқон халқ амалий санъати, ёғоч ўймакорлиги, миллий ҳунармандчилик мактабининг муносиб вориси, уста ҳунармандлар сулоласининг бешинчи авлоди Муҳаммадали Юнусов ўз шогирдлари билан фестивалга муносиб тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон Республикаси халқ устаси М.Юнусов ўн беш нафар шогирдлари кўмагида айни кунларда Ўрда майдонига ўрнатиладиган фестивалнинг асосий саҳнасини шарқона услубда – турли безаклар ва нақшлар асосида тайёрлашяпти. Шунингдек, моҳир устага Қўқон шаҳридаги тарихий Жоме масжиди устунлари, айвонлари, алоҳида хоналари ва ички ҳовлисини таъмирлаш ишлари ҳам ишониб топширилган.

Халқаро фестивалда ўз маҳсулотларимиз кўргазмасини ҳам ташкил этишни режалаштирганмиз, – дейди қаҳрамонимиз ғурур билан. – Шу мақсадда ёғоч ўймакорлиги устунларини дутор, танбур каби мусиқа асбоблари кўринишида тайёрлаяпмиз. Фестиваль доирасида бир неча янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бугун 100 нафар шогирдларим билан қўлимиз-қўлимизга тегмай ишлаяпмиз. Асосий мақсад фестивални ҳар томонлама муносиб ўтказишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, миллий ҳунармандчилик соҳасида 50 йиллик тажрибага эга уста Қўқон, Фарғона ва Марғилон шаҳри, водий вилоятлари, пойтахтимиз Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари, қўйингки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилган тарихий қурилиш-бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Ўғли Козимжон Юнусов сулоланинг олтинчи авлоди бўлса, бобосининг ёнида юриб ҳунар ўрганаётган набиралари еттинчи авлод сифатида юксак маҳоратга эга бўлиб боришяпти. Ҳунармандчилик соҳасидаги ярим асрлик фаолияти мобайнида уста минг нафарга яқин шогирдлар тайёрлашга муваффақ бўлди.

Айни пайтда Фурқат тумани марказида ташкил этилган “Усто Юсуфжон наққош” оилавий ҳунармандчилик корхонасининг “Устоз-шогирд” мактабида тажрибали уста ёшларга амалий тажриба ва билимини қунт билан ўргатяпти. Фурқат туманининг Шотўра қишлоғида жойлашган устахонада эса 100 нафар шогирдлари ҳаётий сабоқларни олмоқда. Куни кеча уста ўз шогирдлари билан Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний, Пир Сиддиқ мажмуалари ҳамда Увайсий мақбарасида таъмирлаш ишларини якунлашди. Бугунги кунда устоз-шогирдлар жамул-жам бўлиб, Қўқон шаҳрида ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига жиддий ҳозирлик кўрмоқдалар.

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, миллий ҳунармандчилик соҳасида ўз мактабини яратган Муҳаммадали Юнусовнинг бу борада амалга ошираётган изчил саъй-ҳаракатлари ҳайрат ва олқишга сазовордир.