Ватанни фидойилар юксалтиради

Ёшларнинг илмли, билимли, тафаккури ўсган, шижоаткор бўлишлари Ватанни сўзда эмас, ҳақиқатда севишларининг белгисидир. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ва давлатимиз раҳбари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши унинг фаолиятида кескин бурилиш ясади.

2019 йилнинг 19 мартида Президентимиз 5 та ташаббусни ўртага ташладилар. Ёшларни маданият, санъат билан шуғулланиши, китоб ўқиш ва мутоала қилиши, компьютер технологиялари, интернетдан самарали фойдаланиши, инсон саломатлигида спортни ўрни, мамлакатимизнинг чекка-чекка жойларида ишламаётган ёшлар, хотин-қизларни иш билан таъминлашда  дастуриламалга айланди.

Жорий йилнинг июн ойи Ёшлар ойи деб эълон қилинганлиги диний экстремизм ғоялари, бошқа оқимларга мойиллиги бор ёшлар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш учун айни муддао бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг яқиндагина Тошкент шаҳрида Талабалар шаҳарчасига ташрифи давомида, академик, профессорлар, илмий ишланмалар билан ишлаётган ёш олимлар, талабалар билан учрашганида ўсиб келаётган ёшлар – талабаларни илмий иш билан шуғулланиш, янгилик яратишида қандай қўллаб-қувватлаш, керак бўлса, ижобий ҳал қилиниши ҳақида айтиб ўтдилар ҳамда “Ёшлар академиясини” ташкил этиш таклифини бердилар. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Рамазон ҳайити арафасида 50 та ёш олимга бир хонали хонадон ажратилди. Бу ҳам давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган эътибори белгисидир. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошида “Эл юрт умиди” жамғармаси ташкил этилганлиги чет элда инновация ва инновацион ғояларни ўрганиш, таълим олиш, илмий ишланмалар қилиш учун кенг имкониятлар яратяпти.

Ёшларимиздаги ташаббускорлик исботини яқиндагина Риштон туманига борганимда билдим. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6-7 май кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Риштон туманини обод марказга айлантириш тўғрисидаги топшириқларига асосан бугунги кунда кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Ёшу қари, аёллар, ҳурматли отахонлар бошчилигида катта сафарбарлик ишлари ташкил этилган.

Риштонлик кексалар билан суҳбатлашганимда, бугунги кунда ёшлар учун яратилаётган имкониятларни кўриб, руҳланган ҳолда “қани энди ҳозир 25-30 ёш бўлиб қолсам” деб ҳавас қилдилар. Юртбошимиз томонидан ишбилармон тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар, уларнинг иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссалари қўллаб-қувватланиши, “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар орқали молиявий масалалар ҳал этилиши келажагимиз эгаларига куч-қувват бериб, вужуди билан ишлашга чорлаяпти.

Ёшлар иттифоқи ишини жойларда яхшилаш учун ўзимнинг қуйидаги ташаббусларимни илгари сураман: унинг бошланғич ташкилотлари, шаҳар-туман кенгашлари олий ўқув юртлари ёшлар иттифоқи ташкилотлари билан ҳамкорликда илм билан шуғулланувчи йигит-қизларни аниқлаб бориши керак ва уларга имконият даражасида ёрдам бериши зарур. Келгусида ушбу ёшларни номзодлик, докторлик ишланмаларини амалга оширишида молиявий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш муҳим саналади. Бир болани етти маҳалла тарбиялайди, дейдилар. Йигит-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Ёшлар иттифоқи ҳар бир жиноятчи ёки қонунбузар атрофида жамоатчилик фикрини уйғотиши керак. Жиноятчи ёки ҳуқуқбузар билан профилактика инспектори сухбатлашгани бошқа, кўпчилик иштирокида муҳокама қилинганида эса катта таъсир куч бор.

Ҳокимликларнинг бевосита ёрдамида шаҳар ва туман Ёшлар иттифоқи кенгашлари томонидан 1,5-3 гектаргача мевали боғлар яратиш бўйича ташаббус қилинса мақсадга мувофиқдир.

Ёшлар иттифоқи Кенгаши ва уларнинг ҳудудий бўлимлари маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда уюшмаган ёшларни меҳнатга жалб қилиш бўйича назорат ишларини олиб боришлари, бу борада тегишли чора-тадбирларни белгилашлари жоиз. Ўтказилаётган тадбирлар ҳар хил, аммо қатнашувчилар бир хил, ўша фаол, интилувчан ва ҳаракатчан ёшлар. Эътибордан четда қолган йигит-қизлар яна эътибордан қолаверадилар, уюшмаган ёш авлод вакилларини ҳам тадбиру ташаббусларга алоҳида жалб этиб, улар билан ҳам ишлаш даври аллақачон келди.

Юртбошимиз томонидан коррупция, таъмагирлик, порахўрликка қарши курашиш ва батамом йўқ қилиш бўйича фармон, қарорлар қабул қилинди. Коррупциядек иллатни йўқ қилишда кенг жамоатчилик, шунингдек ёшлар вакиллари ҳам ўз хиссасини қўшиб фаоллик кўрсатиши лозим.

Ҳар бир ёш қилаётган нотўғри иши қонунга зид эканлигини тўғри  англаб,  хулоса чиқара билиб, ўз-ўзини тарбиялашга ўрганиши катта аҳамиятга эга.

Ёшлар ҳаётбахш ислоҳотларни амалга ошириш бўйича катта, равон йўлга чиқди. Ушбу йўлда “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деб ном олишига ҳар бир фуқаро ёшидан қатъий назар, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим. Қўйилган вазифаларни бажаришда елкадош бўлайлик, қўлни қўлга берайлик! Ватанни севаман деб ҳайқириш керак эмас, шундай юртга муносиб фарзанд бўлсангиз, бас. Ёшларимизнинг ушбу муҳим жараёнда кузатувчи эмас, унинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиб қолишларини тилайман. Зеро, Ватанни сиз каби фидойилар, юртини чин дилдан севадиган, ҳақиқий ўғил-қизлар юксалтирадилар!

 

Азимжон ПЎЛАТОВ,

меҳнат фахрийси.