Энг яхши китобхон оила аниқланди

Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида “Энг яхши китобхон ҳарбий оила” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Танловда Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисмлар хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

– Мамлакатимизда китобхонлик масаласида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг нақадар ўринли эканлигини англаб етяпмиз, — дейди танлов иштирокчиси Қувончбек Райимов. – Танловга қадар кўплаб китобларни фарзандларим билан биргаликда мутолаа қилдик. Ўрганганларимиз синовларда асқотди. Бу эса ҳар битта иштирокчининг юксак маънавиятли бўлишида муҳим аҳамиятга эгадир.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, 1-ўринни Воҳидовлар оиласи, 2-ўринни Юнусовлар оиласи, 3-ўринни Болтаевлар оиласи эгаллади. Мардаевлар оиласи “Энг билимдон оила”, Райимовлар оиласи “Энг маърифатли оила”, Юсуповлар оиласи “Энг зукко оила” номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилиб, ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.