Иллатга асир бўлманг

Кузатишларга кўра, аксарият ҳолларда наркотик моддаларни истеъмол қилишга кишиларни, айниқса, ёшлар ва ўсмирларни ҳаётда учрайдиган турли муаммолар, қийинчиликларни енга олмаслик, ўзи мансуб бўлган гуруҳнинг таъсирига берилиш ҳоллари ундар экан. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ота-оналар фарзандларининг ички дунёсидан бохабар бўлиб боришлари зарурдир.

Гиёҳвандликка қарши кураш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ишлар натижасида йилдан-йилга бу борада катта муваффақиятларга эришилмоқда.

Биринчи навбатда, ушбу масалага давлат миқёсида эътибор қаратилганини, гиёҳвандликка қарши курашнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилганини, хавф-хатарни бартараф этиш мақсадида кенг жамоатчилик фаоллигига таянилаётганини алоҳида эътироф этиш зарур. Айниқса, мустақиллик йилларида ушбу иллатга қарши кураш чора-тадбирлари бир неча бор кучайтирилди.

Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги асосий танлаган йўли трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар наркотик воситаларни контрабанда қилиш учун республика ҳудудидан фойдаланишининг олдини олиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш самарадорлигини таъминлаш, гиёҳвандликка чалинган беморларга кафолатли тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, бу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Жиноят кодексида гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний муо­маласи учун жавобгарлик белгиланган. Жиноят қонунчилигида бу жиноятларга, айниқса, воя­га етмаганларни жалб қилишига алоҳида ҳол деб қаралади. Жиноят қонунчилигидан таш­қари яна бир қатор  қонунларимиз ҳам гиёҳвандликка қарши қаратилгандир.

Баъзи бир одамлар гиёҳвандликка қарши кураш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифаси деб тушунади. Давлатимиз томонидан гиёҳвандликка қарши курашишга оид топшириқлар бундан кейин ҳам ушбу органлар томонидан аниқ ва бирдай бажарилишига шубҳа йўқ. Лекин кенг жамоатчилик, ёшидан, миллатидан, ижтимоий аҳволидан қатъи назар, бир фикрни яхши англаб олиши шарт. Инсонлар фарзандим наркотик моддалар савдоси билан шуғулланмаса, уни истеъмол қилмаса бас, бу бало менга ва яқинларимга хавф сололмайди, деб ўйласа, катта хатога йўл қўяди. Чунки, фарзандларни мактаб-коллеждами, маҳалладами, кафе-барлардами ёки иш жойидами шу иллатга чалинганлар хасталик домига тортиши ҳеч гап эмас. Шу боис тарбияда ҳушёр ва огоҳ бўлиш бу иллатнинг олдини олишда муҳим омил эканлигини унутмайлик.

Х.ХАЙДАРОВ,

Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов

бўлими катта терговчиси, майор.