Оғунинг ичида қайғу бор

Йигирма биринчи аср кун тартибига қўйилган саволлар ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмасдан келяпти. Чунки олам бу саволларга аниқ ва тўғри жавоб беролганича йўқ. Хусусан, бутун дунёни ташвишга солган гиёҳвандлик қанчадан-қанча умрларни заволга ботиргани сир эмас. У нима ўзи? Ижтимоий иллатми ёки тиббий касаллик? Унинг чеку чегараси мавждуми, унга қарши воситалар қай даражада натижа бермоқда?

Гиёҳвандлик – ўлим ва ҳаёт орасидаги кўз илғамас чегара. Яхши тарбия кўрмаган одамнинг бу чегарани бузиб ўтиши қийин эмас. Аммо ортга қайтмоқ мушкул. Иродаси заиф одам учун эса бу дахшатли якун. Мамлакатимизда мунтазам ўтказиб келинаётган профилактик тадбирлар “заҳри қотил”нинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, унинг таъсиридан юртдошларимизни, айниқса, ёшларни ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида ҳам “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” муносабати билан эзгу чора-тадбирлар кўлами янада кенгайди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган тадбирлар режасига асосан ҳар бир ҳудудда тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.

Иллатга қарши курашишнинг бирламчи йўли аввало тарғибот масаласидир. Ойлик доирасида гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот роликлари, турли эшиттиришлар, долзарб мақолалар вилоятимиз ОАВларида эфирга узатилмоқда ва чоп этилмоқда. Турли телекўрсатув ва дастурлар орқали гиёҳвандликнинг оқибатлари тўғрисида давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар ташкил этилмоқда. Бу ҳақида тайёрланган ҳужжатли ва бадиий фильмлардан ёшларимиз тегишли хулоса чиқармоқда.

Ойлик доирасида шаҳар ва туманлар марказларига кўргазмали баннерлар жойлаштирилди. Барча кинотеатрларда бадиий фильмлар намойиши, қисқа метражли кинолар, роликлар намойиши уюштирилмоқда. Қолаверса, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида велоспортчилар ва кўнгилли ёшлар иштирокида веломарафон, “Гиёҳванд моддаларсиз соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш” шиори остида турли спорт мусобақалари уюштирилаётгани навқирон авлод вакилларини фаолликка чорламоқда. Олийгоҳлар, академик лицей ва коллежлар, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам ойликка бағишланган мазмунли тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳар пайшанба куни бўлиб ўтаётган профилактика кунлари гиёҳвандликка қарши курашиш мавзусида ташкил этилаётгани бу борадаги ишларни янада жонлантирмоқда. Шунингдек, имом-хатибларимиз томонидан суҳбат ва учрашувларда гиёҳвандликнинг инсон маънавияти ва соғлиғига зарари тўғрисида кенг тушунтириш берилаётгани иллатга қарши кураш руҳини кучайтирмоқда.

Гиёҳвандликка қарши халқаро миқёсда жипслашиб курашишимиздан мақсад бу машъум иллат Ер юзини чирмаб олишига, инсоният танасидаги яра бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Зеро, оғунинг ичида минг-минг қайғу борлигини унутмайлик.