Давлат идоралари ҳалқимиз хизматида

Қўштепа тумани Ғиштмон МФЙдаги маҳалла маънавият ва маърифат марказида Қўштепа, Олтиариқ, Ёзёвон, Тошлоқ тумани ҳамда Марғилон шаҳри фуқаролари учун вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди.

Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Робахон Маҳмудова, сектор раҳбарлари, вилоят судлари раислари, бошқарма ва бўлимлар бошлиқлари, жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этдилар.

Сайёр қабулга ташриф буюрган 57 нафар мурожаатчининг муаммоли масалалари эшитилиб, тегишлича ҳал этиш учун назоратга олинди. Қабулда фуқароларни қийнаб келаётган уй-жой, моддий ёрдам, бандлик, тадбиркорлик фаолияти юритиш учун ер, даволаниш учун ордер олиш, банк кредитлари ва бошқа шу каби масалалар тегишли тузилмалар мутасаддилари томонидан ижро учун қабул қилинди.

Олтиариқ туманидан ташриф буюрган Ҳаётхон Ҳамдамова куёви Б.Мирзааҳмедов қорамол учун банкдан кредит олиб, уни банкка фоизи билан ойма-ой тўлаб бориш лозимлигини била туриб, ўзи чет элга чиқиб кетгани, кредитни эса қизи тўлаб келаётгани учун моддий томондан қийналиб қолишгани, ҳамда куёви етти ойдан буён вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўловини тўламаётгани юзасидан мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўради. Унга бир марталик моддий ёрдам пули ажратиладиган бўлди. Алиментни ундириб бериш вилоят МИБ томонидан ижро учун назоратга қўйилди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Бундай сайёр қабуллар вилоятимизнинг шаҳар ва туманлари бўйлаб давом этмоқда.