Умр завол топмасин!

Мутахассисларнинг фикрича, гиёҳванд моддаларни бир марта истеъмол қилган киши унга бутунлай  қарам  бўлиб қолиши мумкин. Бу иллатга  мубтало бўлган  кишининг  фикри,  хоҳиши  ва хатти-ҳаракатлари гиёҳвандлик моддаларга бўйсунади.

Ушбу иллатга қарши самарали кураш олиб бориляпти. Аммо шунга қарамай,  орамизда сокин ўлдирувчи “қотил” қулига айланиб қолганлар сони ортиб бормоқда.

… Давлат туппа-тузук оила бошлиғи, гулдек ўғилнинг отаси, топармон, ишбилармон йигит эди. Отаси нуфузли идорада бошлиқ, онаси  .тадбиркор–хуллас оиласи беками кўст, тўкин, фаровонликда ўсиб-улғайганди. Аммо у тўқликка–шўхлик қилди–гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлди.

– Дадам яхши пул топарди,-дея хотирлайди у афсус-надомат-ла. – Онам ҳам ишда бўлар, укам иккимизни тергайдиган, назорат қиладиган одам йўқ. Бекорчиликдан кўча кезиб юрсам, бир йигит  мени дарахт панасига тортиб, “ука, “зўри” дан бор тотиб кўрмайсанми”, деди. Қизиқишим устун келди – у айтган пулни бериб, “зўр” нарсани сотиб олдим. Кейин билсам, у гиёҳвандлик моддаси – наша экан. “Бир маза қилсам, қилибман-да” дея жуда катта хатога йўл қўйганимни кеч англаб етдим. Шу-шу “сотувчи” йигит йўлимни пойлар, мен ҳам унинг “дори” сига ўрганиб улгургандим. Кун сайин абгор бўлаётганимни сезсам-да, ундан қутула олмасдим. Шу қадар тубанлашиб кетдимки, ҳатто хотинимнинг кийим-кечаклари, тилла тақинчоқларини ҳам сотиб чекардим. Энди бошимни қаёққа уришни билмай қолдим.  Оғудан қутулишнинг бирон йўли борми?

– Диспансеримизга бундай  мурожаатлар кўплаб келиб туради. Албатта, гиёҳвандликдан қутулса бўлади. Бу ўша одамнинг иродаси, сабр-бардошига боғлиқ, – дейди вилоят наркология  диспансери бош  шифокори Гулчеҳра Қодирова. – Бизда даволаниш  заҳарсизлантириш, психотерапия ва реабилитация сингари учта босқичда олиб борилади. Бу босқичларнинг энг оғири–реабилитация босқичи саналади. Икки босқич бевосита шифокор назоратида ўтса, охиргисида бемор вақти-вақти билан келиб, уйдагилари қуршовида  даволанади.  Шу муҳитдаги даво самарали, аммо асосийси, беморлар мазкур муаммони қай даражада тўғри тушунишларига боғлиқ.

Диспансеримизда алкоголизм, наркомания ва гиёҳвандлик билан  касалланган  беморлар  даволанишади.  Бу касалликларнинг  90 фоизини  20-49 ёшдаги фуқаролар ташкил қилади. Наркомания  билан  касалланганлар 29-39, алкоголизм  20-49  ёшлиларда кўпроқ учрамоқда. 2018 йилда  4647 нафар алкоголизм  билан касалланганлар, 1162 нафар наркомания, 17 нафар токсикомания билан  касалланганлар рўйхатга олиниб, барчаси даволаниш  курсларидан ўтказилди.  Бундан ташқари бирламчи  касалланган беморлар мурожаат қилиб, даволаниш истагини билдиришмоқда.

Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳар наркология диспансерларида беморларни даволашда янги, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган  кундузги  шифохоналар  фаолият кўрсатяпти. Бундан ташқари вилоят наркология диспансерида аноним хона мавжуд,бу ерда  беморнинг барча  маълумотлари  сир  тутилади  ва уларга зарурий тиббий хизмат кўрсатилади. Ҳаёт инсонга бир марта бериладиган буюк неъматдир. Шу боис ҳаёт лаззатини тотиб, соғлом умр кечириш барчанинг ўзига боғлиқ. Ўзи йўлингни ўзинг танла!