Қорақалпоғистонлик меҳмонлар Фарғонада

Жорий йилнинг 21-23 июнь кунлари қорақалпоғистонлик бир гуруҳ маданият ва санъат вакиллари, атоқли адиб ва шоирлар вилоятимизга ташриф буюрди.

Меҳмонларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Қосимов бошчилигидаги бир гуруҳ фаоллар нон-туз, куй-қўшиқ, карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар.

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Жамила Бекбергенова Фарғона заминига илк бор ташриф буюрганини айтиб жумладан шундай деди:

– Тадбир доирасида фарғоналик дўстлар учун ажойиб концерт дастури тайёрлаб келдик. – Қорақалпоғистонлик санъат усталари ўз ижод намуналарини Фарғона халқига туҳфа қилиш учун берилган бу имкониятдан миннатдор.

Шундан сўнг меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонасида расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгес оға Каримов делегация аъзоларини бирма-бир таништириб, қорақалпоқ халқи тарихи, бугуни ва келажаги ҳақида атрофлича маълумот берди. Айниқса, кейинги 2-3 йил ичида юз берган ўзгаришлар, ободончилик, қурилишлар, йирик саноат объектлари фаолияти ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Учрашувда Муратбой Низанов, Бахтиёр Генжемурат каби адиб ва шоирларнинг ижод намуналари жамланган китоблар совға қилдилар.

Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида делегация аъзолари томонидан тайёрланган концерт дастури тақдим этилди. Унда қорақалпоқ санъати ва маданияти усталари – хонандалар, созандалар, бахшилар ҳамда “Айқулаш” қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли раққосалари ўзларининг дилтортар куй-қўшиқ ҳамда рақслари билан томошабинлар олқишига сазовор бўлдилар.

Ташриф дастури доирасидаги навбатдаги манзил Ёзёвон туманидаги Такалик қишлоғи бўлди. Бир ой аввал Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Довуд Қурбанниязов қишлоққа келиб, улуғ ёшдаги отахону онахонлар билан суҳбатлашиб, ёшлар билан учрашиб, янги қуриб битказилган 35-умумтаълим мактабига 1000 нусхадаги қорақалпоқ тилидаги адабиётларни топширган эди. Бу сафар ҳам бир гуруҳ қорақалпоғистонлик азиз меҳмонлар қишлоққа ташриф буюриб, қишлоқ аҳли билан учрашиб, самимий мулоқот қилдилар.

Меҳр кўзда деганларидек, борди-келдиларимиз бардавом бўлишини, қондошлик, қуда-андалик каби қадриабад анъаналаримиз тоабад давом этишини тилаб, бундай ғамхўрлик ва имкониятлар учун мамлакатимиз олиб борилаётган изчил ислоҳотлардан мамнун бўлиб кекса-ю ёш ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Қорақалпоқ санъат усталари томонидан қишлоқ аҳли учун концерт намойиш этилди. Куй-куйга, қўшиқ-қўшиққа уланиб кетди. Барчанинг кўзида қувонч, шундай дориломон замонда яшаётганидан розилик уфуриб турди. Ҳар иккала томон вакиллари бир-бирларига ўзларининг миллий совғаларини тақдим этдилар.