Фазилат ва мурувват ифодаси

Фарғона шаҳридаги “Файз” тўйхонасида 18-25,26-40 ёшгача бўлган эркаклар ўртасида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Ҳудудий босқичларда 700 нафар иштирокчидан 37 нафари саралаб олиниб уларнинг маҳоратлари ҳифз ва тиловат йўналиши бўйича синовдан ўтказилди.

Байрамона безатилган, тадбир мазмунига мос равишда тарғибот воситалари билан жиҳозланган муҳташам мажмуада мингдан зиёд тингловчилар йиғилдилар.

Мусабоқада ҳифз йўналишида 18-25 ёшгача бўлганлар орасида биринчи ўрин Бувайда туманидан Муҳаммадисо Маҳмудов, 26-40 ёшгача Қўқон шаҳридан Муҳсинжон Содиқовга насиб этди.  Тиловат йўналишида шу ёшлилар ўртасида Ёзёвон туманидан Муҳаммадамин Каримов, Қува туманидан Расулжон Йўлдошев биринчи ўринни қўлга киритдилар.

Иштирокчилар ва ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар, биринчи ўрин соҳиблари мусобақанинг республика босқичига йўлланма олдилар.

Мусобақада вилоят ҳокимининг ўринбосари Қ.Имомов иштирок этди ва қатнашчиларга вилоят ҳокимлигининг совғаларини топширди.

Шу куни мусобақа ташкилотчи ҳомийлари томонидан Қуръон ўгитларига амал қилган ҳолда Фарғона шаҳридаги “Болалар уйи” ва “Мурувват уйи” тарбияланувчиларига 9 млн. сўмлик маиший ашёлар ҳадя қилинди.