Ижодга муносиб рағбат

Фарғона шаҳридаги “Жасмин” тантаналар саройида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов журналистларни касб байрами билан самимий табриклаб, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган бир гуруҳ соҳа вакилларига эсдалик совғаларини топширди.

Самимий қутловлар ҳаяжонли дақиқаларга уланди. Вилоят ҳокими ўринбосари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими қошида ташкил этилган пресс-клуб фаолиятига муваффақият тилаб, “Cobalt” автомобили калитини тантанали равишда топширди.

— “Йилнинг энг фаол журналисти” кўрик-танлови энг яхши ижодкорларни аниқлаш ва уларни рағбатлантиришда муҳим ўрин тутмоқда, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов. — Бу йил ҳам ҳар бир йўналишда энг муносиб номзодлар саралаб олинди ва рағбатлантирилди.

Танлов натижаларига кўра, “Энг яхши телевизион журналистик иш учун” йўналишида 1-ўринни “Рухсор” телерадиоканали мухбири Мафтуна Мамасиддиқова, “Энг яхши радиожурналистик иш учун” йўналишида 1-ўринни Фарғона телерадиоканали мухбири Маҳбуба Аҳмедова, “Босма нашрлардаги энг яхши журналистик иш учун” йўналишида 1-ўринни “Меҳр ёғдуси” газетаси бош муҳаррири Расулжон Камолов, “Интернет журналистикасидаги энг яхши иш учун” йўналишида 1-ўринни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири Масъуджон Сулаймонов эгаллади.

Шунингдек, танлов доирасида интернет тармоғида овоз бериш орқали аниқланган энг яхши журналистлар ва рағбатлантирувчи номинациялар бўйича совриндорлар номи ҳам эълон қилинди. Уларнинг сафидан ўрин олган ҳамкасбларимиз –  “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти мухбири Мадаминжон Солижонов “Газетхон меҳрини қозонган журналист”, таҳририят дизайнери Алишер Розиқов “Инновацион дизайнер” номинацияларида ғолиб бўлдилар.

Барча совриндорларга ва рағбатлантирувчи ўрин соҳибларига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Сурхондарё вилоятидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида таҳсил олаётган ёшлар ҳам ижодкорларни касб байрами билан қутладилар. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган “Афғонистон – менинг ватаним”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” кўрик-танлови ғолиби бўлган ушбу ёшларга уюшманинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

– Фарғона водийсига қилган ташрифимиз, журналистлар даврасидаги мулоқотлар бизга ўзгача кўтаринки кайфият бахш этмоқда, – дейди афғонистонлик Рўзуллоҳ Сирдош.

Тадбирда вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан ижро этилган дилрабо қўшиқлар байрам иштирокчиларини рақсларга чорлади.