Бахт ҳақида кичик ҳикоя

Чақалоқ  ухларди. Хонада ҳукмрон теран сукунатни мурғакнинг нафас товушигина бузиб турарди.

У ўзининг митти каравотчасида, нафис кўрпачасига бурканиб ором олар, кафтдеккина нимпушти юзчасида бутун олам сокинлиги жо бўлгандай эди, гўё.  Тепасида термилиб турган ёш ота-онаси узоқ кутилган бу бахтга қараб тўймас,  азбаройи меҳрлари жўшганидан гоҳ қалпоқчаси, гоҳ манглайига тушиб турган бир тутам қора сочини силаб-тузатиб қўйишарди. Улар назарида, бу боланинг турган-битгани мўъжиза, баайни чирой, қувонч таратиб турувчи покиза нур эди.

Шу митти вужуддаги улкан бахтга, ёруғ оламдаги бир неча кунлик ҳаёти мобайнида гумон аталмиш бир булут соя солар, шундан, ҳозир эр-хотиннинг нигоҳларида ғалати бир саросима, хавотир аломатлари бор эди.

Оила соҳиби аёлига маъноли тикилиб қолганини сезди.

Секин бориб токчадаги пиёлани олди. Бўм-бўш чинни пиёла. Унга шамолдек елиб чопаётган оҳунинг сурати чизилган, ҳошияси тилларанг. Нега айнан шуни қўлига олди? Тасодифан эмас, албатта. Бунда ичкин умидворлик бор. Никоҳ оқшомида шу пиёлада куёвга чой узатган эди. Кейинги икки йиллик ҳаётлари ҳам ширинчойдай тотли кечди. Энди-чи, энди нима бўлади?

Идишнинг силлиқ тубига йирик ёш томди. Бу она паймонасининг охирги томчиси эди. Кескин ўгирилиб, тез-тез юриб каравотча ёнига келди-да, эрига юзланди. Унинг қарашида “Бошла!” дегандай аянчли ишора бор эди. Аёл боягидай кескинлик билан пиёлани баланд кўтарди-ю, тўхтаб қолди. Бир сония муаллақ турган қўллар титрай бошлади. Бу… жуда оғир, оғир! Шу пайт, эрининг қандай қилиб пиёлани тортиб олганини билмай қолди. У идишни зарб билан деворга урди. Пиёла чил-чил синди…

Ялт этиб болага қарашди. Чақалоқ тугмадеккина оғизчасини катта очганча йиғлаб юборди.

Жимжитликнинг мавҳум қаърига ғарқ бўлаёзган хона ичи бир лаҳзада шовқин-суронга тўлиб кетди. Эр-хотин гўдакка жўр бўлганча ғайриоддий, узуқ-юлуқ товушлар чиқариб йиғлашар, бармоқлари эса жўшқин ҳаракатлар орқали бир хил сўзларни такрорлар эди: “Худога шукур! Эшитди! Эшитди!!!”

Бу туғма гунг ота-онанинг мислсиз бахтиёр онлари эди…

                                                Гулчеҳра АСРОНОВА.